Оила

Жабримга ўрганиб қолибди чоғи…

Чоп этилди Mart 4, 2021 Жабримга ўрганиб қолибди чоғи…da fikr bildirishni o'chirish

Аёлимнинг телефони жиринглади. Шубҳа аралаш қўлимга олсам, уйғотгич экан. Экранида “Таҳажжудда эрингни дуо қил”, деган ёзувни кўрдим. Овозини ўчирдим. Аёлим сезмади. Чарчоқдан телефон овозини ҳам эшитмади бечора. Мириқиб ухлаб ётибди.

Унга бироз тикилдим. жуда ҳам раҳмим келди. У ота уйида бекаму кўст улғайган, ўйнаб-кулиб ўсган бир ожиза эди. Бечорагина асло танимаган, билмаган инсони билан бир умр яшаш мақсадида ота уйидан чиқиб келган.

Ҳар доим айтгани айтган ҳолда ўсган қиз энди бир эрнинг уйида, диғони диғон бўлган эрнинг айтганига итоат қилиб яшайди. Ҳамма кўнглига қараб катта бўлган қиз энди эрининг кўнглига қарайди. Эрининг аччиқ-чучук гаплари, киноя-ю кесатиқларига сукут сақлаб сабр қилади, асло гап қайтармайди.

Туну кун қайнона-қайнотанинг хизматида елиб-югуради, камига эрининг қариндош-уруғларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг кесатиқ гапларига парво қилмасликка интилади.

Кун давомида тинимсиз меҳнат қилиб, яна тун ярмида ширин уйқусидан кечиб ўша жаҳлдор ва қўпол эрининг ҳаққига дуо қилади. Шунча қийинчилиг-у машаққатларга сабр қилади.

Уст-бошидан нолимайди, оч қолса сабр қилади, эри олиб келган бир луқмага севиниб, Аллоҳга шукрлар айтади. Эридан барвақт туриб, обдастага сув илитиб, эрини намозга уйғотади. Барча ишларини якунлаб, Қуръон ўқибгина ёстиққа бош қўяди…

Унга тикилганим сари ўзимдан нафратланиб кетардим. У эса бирон марта нолимаганди. Бу эса мени виждонимни янчарди. Нақадар жоҳил ва бепарво бўлган эканман-а? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларга қандай муомалада бўлиш ҳақидаги таълимотларига амал қилмай, кундузи эса яқинларимни суннатга амал қилишга чорлаган мендайин нотавон бормикан, ажабо!

Яна ўзимни уммат дея керилиб ҳам юрибман?!

Аёлим ҳали ҳам ширин уйқуда. Уни безовта қилмадим. Таҳорат олдим ва таҳажжуд ўқишни бошладим. Бироздан сўнг хонада қадам товушлари эшитилди. Шошилиб босилган қадамлар таҳоратхона томон борди. Кейин эса аёлим орқамда турган ҳолда намозда менга иқтидо қилди. Кўзларим ёшга тўлган ҳолда намозни аранг якунладим…

– Бегим, нега мени уйғотмадингиз? – деди у хижолат бўлиб.

Бу эса мени баттар қийин аҳволга солди. Уни бағримга босганча, етказган жабр-зулмларим учун кечирим сўрадим. Бечора аёлим менинг жабримга ўрганиб ҳам қолган экан чоғи менга ҳайратомуз боқарди. У нима бўлганини тушунмасди. Мен эса шашқатор кўз ёшим билан:

– Менга қандай чидаяпсан, билмадим?! Аллоҳ сендан рози бўлсин! – дедим…

Шу тундан бошлаб ҳаётим ўзгарди. Йўқ, ҳаётим эмас, мен ўзгардим. Аёлим ҳам аввалгидан-да қувноқ ва бахтиёр бўлди. “Хизматингизни қилиб тўймайман”, дейди табассум билан. Ишонасизми, у қизлик уйидагидан ҳам бахтиёр..

Уни кўриб эса менинг кўзларим қувнайди…

Ижтимоий тармоқдан