Озиқ-овқатнинг кўп қисми чиқиндига ташланган
2019 йилда дунё бўйича 931 миллион тонна озиқ-овқат чиқиндига ташланган, бу эса ишлаб чиқарилган жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 17 фоизи демакдир. Ушбу маълумотлар БМТ Атроф муҳит ташкилоти (UNEP) ва Британиянинг WRAP нодавлат ташкилоти тайёрлаган қўшма ҳисоботда келтирилган.
Агар ташлаб юборилган озиқ-овқат 40 тонналик юк машиналарига юкланганида, бу машиналар занжири Ернинг атрофини етти марта ўраб олган бўларди. Ваҳоланки, шунча озиқ-овқат исроф қилинган пайтда, БМТ маълумотига кўра, 690 миллион киши очлик азобини чекаётган эди.
Маълум бўлишича, чиқиндига ташланган маҳсулотларнинг 60 фоизи хонадонлар, 26 фоизи умумий овқатланиш муассасалари, 13 фоизи эса ритейллар ҳисобига тўғри келади. Ахлатга ташланган озиқ-овқат маҳсулотлари айни пайтда атроф муҳит учун жиддий муаммо туғдирмоқда.
Ҳисоботда озиқ-овқат энг кўп исроф қилинадиган давлатлар сифатида Ҳиндистон, Нигерия ва Индонезия қайд этилган.