Жанубий Корея мактабларида диний таълим
Жанубий Корея аҳолиси 2020 йил ҳолатига 51.8 миллион атрофида. Аҳолининг 56 фоизи бирор бир динга эътиқод қилмайди. Диндорларнинг асосий қисми насронийлар ва буддистлардан иборат (19.7% протестант мазҳаби, 7.9% католик мазҳаби, 15.5% буддавиййлик).
Таъкидлаш жоизки, Жанубий Кореяда ҳам дин давлатдан ажратилган, аммо ҳар бир фуқаро, шу жумладан, мактаб ўқувчилари ҳам, ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилиш ва уни ўрганиш имкониятига эга.
Кореяда умумий таълим давлатга тегишли ва хусусий мактаблар томонидан амалга оширилади. Давлат мактаблари бюджетдан молиялаштирилса, хусусий мактабларнинг деярли барчаси давлатдан молиявий ёрдам олиб фаолият юритади. Хусусий мактаблар бир неча солиқлардан озод қилинган. Кореяда мажбурий таълим 9 йил давом этади (бошланғич таълим 6 йил, ўрта таълим 3 йил).
Давлатга тегишли мактабларда бирор дин таълимотларини ўргатишга йўл қўйилмайди. Аммо нодавлат диний ташкилотлар бошланғич таълимдан бошлаб таълимнинг барча босқичлари учун хусусий шаклда диний мактаблар очиш ҳуқуқига эга.
Хусусий шаклдаги диний мактаблар Кореядаги жами мактабларнинг 1/5 қисмини ташкил қилади. Диний мактабларнинг ярмидан кўпи насронийларнинг протестант мазҳабига тегишли (250дан ортиқ мактаб). Католик мактабларнинг сони 65 та атрофида, буддавийлик асосига қурилган мактаблар эса 22 тадан ортиқ. Шунингдек, олий таълимда нодавлат диний ташкилотлар томонидан асос солиниб, асосан дунёвий фанларга ихтисослашган 100 дан ортиқ университет бор. Уларнинг 60 дан ортиғида ихтисос йўналишдан ташқари талабаларга мажбурий диний фанлар ҳам таълим берилади.
Корея диний мактаблари Таълим вазирлиги томонидан талаб этилган умумий дарс жадвалига қўшимча равишда диний таълим ҳам бериб боради. Энг охирги ўзгаришларга кўра, хусусий мактаблар энди ўзи истаган адабиётлардан эмас, балки Таълим вазирлигида тасдиқдан ўтган адабиётлардан таълим бера олади. Кореяда ўқувчилар мактабга ҳудудий мансубликка кўра бириктирилади, мажбурий таълимни диний мактабда ўқишга мажбур бўлган ўқувчига, унинг хоҳишига кўра, дин дарслари бошқа дарсларга алмаштириб берилади.
Шунингдек, диний таълим черков ёки ибодатхоналарда ҳамда диний ташкилотлар томонидан очилган ўқув марказларида ҳам бериб борилади. Айниқса, насронийларнинг якшанбалик черков дарслари кенг миқёсда йўлга қўйилган. Мусулмонлар диний таълимни давлатдан рўйхатдан ўтган ҳолда нодавлат Ислом маданияти марказлари орқали йўлга қўяди. Шунингдек, масжидларда диний таълим беришга чеклов қўйилмаган.
Диний таълим берадиган Ислом маданияти марказлари билан бир қаторда Корея бўйлаб турли шаҳарлардаги масжидлар қошида араб тили ва тажвид курслари ташкил қилинган.
Манбалар асосида Azon.uz’нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири Жавоҳир Иззатуллоҳ тайёрлади