Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли аёллари ва фарзандларига раҳмат бўлганлари

Чоп этилди Mart 10, 2021 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли аёллари ва фарзандларига раҳмат бўлганлариda fikr bildirishni o'chirish

Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра фарзандларига меҳрибонроқ кишини кўрмадим. Фарзандлари Иброҳим Мадина оилаларидан бирида эмизилар эди. У зот ўғилларини кўргани борсалар, биз ҳам бирга борардик. Уйга кирганларида уй мўрисидан тутун чиқиб турарди. Иброҳимнинг сут отаси темирчи ва заргар эди. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимни қўлларига олардилар ва уни ўпиб, яна ўрнига ётқизар эдилар”.

Амр ибн Саид розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Иброҳим вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўғлим Иброҳим кўкрак сутидан чиқмаган вақтида вафот этди. Унинг икки энагаси бор. Ҳали улар жаннатда эмизишни охирига етказиб қўядилар”, дедилар. Иброҳим вафот этганида ўн олти ёки ўн етти ойлик гўдак эди»

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уй-рўзғор ишларида ҳам оилаларига қарашардилар.

Асвад розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ойша розийаллоҳу анҳодан “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оилалари ҳузурида нима билан машғул бўлардилар?” деб сўрадим. У: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оилаларининг хизматида бўлардилар. Намоз вақти кирса, намозга чиқардилар. У зот асло калондимоғ бўлмаганлар. Кўпинча ўз юмушларини ўзлари бажарардилар”, деб жавоб бердилар».

Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимларини ўзлари тикар, ковушларини ўзлари ямар ва сизлар ўз уйингизда нима қилсангиз, у зот ҳам шуни қилардилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ойша розийаллоҳу анҳога: “Расулуллоҳ уйда бўлган вақтларида нима қилардилар?” дейишди. Ойша розийаллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ ҳам оддий бир инсон эдилар. Кийимларини ўзлари тозалаб, қўйларни соғардилар”, дедилар». 

Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг “Икки олам сарвари” китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ
таржимаси

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2021-йил, 1-сонидан