Мақолалар

Султонга дакки берган уламо

Чоп этилди Mart 12, 2021 Султонга дакки берган уламоda fikr bildirishni o'chirish

Ҳайит куни султон катта тантана билан ўтиб қолди. Йўлнинг икки тарафида миршаблар саф тортишган, аъёнлар султонни қуршаб олишган ва амирлар унинг қаршисида ер ўпишарди.

“Уламолар султони” деб лақаб олган машҳур уламо, султонларни мўғул-татарлар истилосига қарши ундаб, юришини тўхтатишга сабаб бўлган Изз ибн Абдуссалом бу ҳолатни кўриб: “Эй Айюб! Аллоҳ: “Мисрнинг мулкини сенга топшириб қўйган бўлсам, хамрни қандоқ мубоҳ этдинг?”, деса қандай ҳужжат келтирасан?”, дея хитоб қилдилар.

Шунда султон: “Нима, шунақа иш содир бўлибдими?”, дея сўради. Изз: “Ҳа, фалон, фалон ерлардаги дўконларда у сотиляпти”, дедилар.

Султон айтди: “Хўжам, буни мен қилмаганман. Отам замонидан бери бу мавжуд”, деди.

Шунда имом бошларини кўтариб: “Сен ҳам: “Йўқ! Улар: «Биз ота-боболаримизни бир динда топдикки, албатта, биз уларнинг изларидан ҳидоят топгувчидирмиз»*, дейдиганларданмисан?” дея хитоб қилдилар.

Шундан кейин султон мазкур дўконларни бузиб ташлашга ва хамрни таъқиқлашга фармон берди. Бу хабар одамлар орасида ёйилди.

Изз ибн Абдуссалом эса дарс мажлисларига қайтдилар. Шунда шогирдларидан бири келиб: “Султондан қўрқмадингизми?” деб сўради.

У киши мана бундай жавоб қилдилар: “Аллоҳга қасамки, эй ўғлим, Аллоҳ таолонинг буюклигини кўз ўнгимга келтирувдим, султон наздимда мушукка айланиб қолди..”

————————————
* Зухруф сураси, 22-оят

Мубашшир Аҳмад