Янги Зеландия бош вазири: “Мусулмонларни қўллаб-қувватлашимиз зарур”
Янги Зеландияда икки йил аввал масжидда юз берган теракт қурбонларини хотирлаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда “Евроньюс”.
Крайстчерч шаҳридаги маросимда қурбонларнинг оилалари ва яқинлари, терактда омон қолганлар, ҳукумат аъзолари ва мамлакат бош вазири Жасинда Ардерн қатнашди.
Жасинда Ардерн масжиддаги теракт мамлакат тарихида аламли мерос қолдирганини айтар экан, мусулмонлар Крайстчерчдаги ҳодисадан анча аввал нафрат ва ирқчиликка учрай бошлаганини таъкидлади.
“Бу мамлакатнинг мусулмонлар жамоасини қўллаб-қувватлаш вазифаси бор”, – деди Янги Зеландия бош вазири.
“Ал-Нур” масжидидаги ҳужумда танасининг тўққиз жойидан яраланган асли туркиялик Тамал Атачўғли қирғинга ирқчилик ва жаҳолат сабаб бўлганини айтди. “Омон қолганларнинг қалбларидаги алам ҳеч қачон ўчмайди, – деди у. – Бироқ келажак бизнинг қўлимизда. Биргаликда, некбин ҳолатда илгарилаймиз”.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 15 мартида австралиялик Бретон Таррант ўқотар қурол билан Крайтсчерч шаҳридаги икки масжидга ҳужум уюштириб, жума намозига йиғилган 51 кишини ўлдирган эди.