ИЛМЛАРНИНГ РАИСИ ЁХУД МАНТИҚ НИМА УЧУН КЕРАК?
Мантиқ илми барча диний ва дунёвий илмлар билан боғлиқдир. Бу илм ақлни чархлайди, нутқни ва тафаккурни ўстиради. Шу боис ҳам қадимдан мадрасаларда мантиқ дарси ўқитиб келган.
Ислом дунёсида мантиқ илмига баъзан унинг бошқа илмлар ва тўғри фикр юритиш учун бир восита ва ўлчов эканини назарда тутган ҳолда “илми мезон” номи берилган.
Мантиқ илмини улуғ аллома Абу Наср Форобий “илмларнинг раиси” деб таърифлаган бўлса, шайхур раис Абу Али ибн Сино “илмларнинг ходими”, деб атаган. Ҳужжатул ислом Имом Ғаззолий: “Ким мантиқ илмини билмаса, унинг илмига асло ишонч йўқдир”, деган ва мантиқни “илмнинг ўлчови”, деб атаган.
Имом Тафтазоний, Асируддин Абҳарий каби атоқли олимлар илм йўлига кирган талабалар учун уни билиш вожиб бўлади, деганлар. Дарҳақиқат, ислом олимлари ёзган машҳур асарларга диққат қилсак, уларнинг мантиқ қоидалари асосида ёзилгани яққол кўзга ташланиб туради.
Мусулмон оламида мантиққа доир тадқиқотлар Арасту асарларининг милодий VIII асрдан эътиборан араб тилига таржима қилина бошлаши билан пайдо бўлган. IX асрнинг ўрталаридан бошлаб мантиққа оид кўплаб асарлар ёзилган. Киндий, Форобий, Ибн Сино, Ғаззолий, Ибн Рушд, Розий, Журжоний, Мулла Фанон каби мутафаккирлар мантиқ илмига улкан ҳисса қўшган олимлардир.
IX асрда Бағдодда тараққий топган мантиқ мактабида Арасту асарлари бўйича эътиборли тадқиқотлар амалга оширилди. Ўша тадқиқотлар сирасида Абу Бишр Матто ибн Юнус, Форобий ва Яҳё ибн Одийларнинг номларини зикр этиш мумкин. Абу Али Ибн Сино эса Бағдод мактабини ҳаддан ташқари Арастуга боғланиб қолганликда танқид қилиб, ўзи мустақил йўл ахтарди ва мантиқ хусусидаги қарашларини «Китоб аш-шифо» асарида баён қилди.
Абу Наср Форобий ўзининг «Уйун ул-масоит» деган асарида мантиқ мавзусида сўз юритар экан, уни уч қисмга ажратади. Таърифга жуда катта аҳамият қаратган Форобий, мантиқ илмининг сезги аъзолари билан англанган, аммо таърифга сиғмайдиган тушунчаларга таянишини илгари сурган. Шу қарашни Ибн Сино ривожлантирган.
Мантиқнинг ривожланишида Абу Наср Форобийнинг хизматини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Унинг юнон файласуфларининг мантиққа оид асарларига ёзган шарҳлари Ўрта аср мантиқига қўшилган катта ҳисса бўлди. Алломанинг кўплаб шарҳлари Арасту асарларига бағишланган.
Абу Наср Форобийнинг мантиқ соҳасидага ишларининг давомчиларидан бири турли илм жабҳаларига оид қатор асарлар яратган, ўз даврининг дунёга машҳур қомусий олими Абу Али ибн Синодир. У фалсафа ва мантиққа оид бир неча асарлар яратган. Мантиқ масалаларини ўз ичига қамраб олган «Китоб аш-шифо» (“’Шифо китоби»), «Китоб ан-нажот» («Нажот китоби»), «Ал-Мухтасар ал-Авсот» («Ўртача мухтасар»), «Китоб ал-ишорот» («Ишоралар китоби») асарларида мантиқ масалалари хусусида фикр юритилган.
Абу Наср ал-Форобий ўз асарларида мантиқ «тафаккур ҳақидаги илм бўлиб, ёзма ёки оғзаки нутқда ўз аксини топади, деган фикрни қайд қилиш билан бирга Арастунинг тафаккур ва тил, мантиқ ва грамматика орасида боғлиқлик ғоясини ўз асарида акс эттирган ва Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий ушбу ғояни янада ривожлантирган.
Ал-Хоразмий мантиқнинг роли ва масалалари ҳақида фикр юритиб, мантиқ на назарий, на амалий илмларга кирмасдан, ўзи алоҳида, учинчи илмни ташкил этади, деган нуқтаи назарни илгари сурадики, бу Ибн Синонинг ана шу масалага ёндашишига мос тушади.
Мусулмон дунёсида фалсафа ва мантиқ соҳасида катта хизматлар қилган олимлардан яна бири Абдул Валид Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Рушддир. «Арастунинг органонини Форобий мантиқи билан солиштириш», «Мантиқ масаларига оид» ва бошқа асарлар муаллифи Ибн Рушд Арастунинг энг яқин издошларидан ҳисобланади.
Шарқ муаллифлари, шунингдек, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий ҳам маънони англатиш ва сўзларнинг маъноси масаласи мантиққа тегишли бўлмай, кўпроқ амалиётга тааллуқли эканини айтадилар. Бироқ иборалар, маънолар ва тушунчалар ҳақидаги масалани Арасту етарли даражада ишлаган бўлгани учун Шарқ олимлари бу масалага ёндашувни Арасту «Категориялар»ининг кириш қисмига қўшишни лозим топдилар.
Мантиқ илми унга тамал тоши қўйилган қадимги даврдан эътиборан то бугунги кунимизга қадар Шарқу Ғарб олимлари томонидан муттасил тадқиқ қилинди ва унинг «янги давр методологик мантиғи», «формал мантиқ», «символик мантиқ» каби йўналишларига ҳам асос солиниб ривожлантирилди.
Бугунги кунда исломий китобларга назар солар эканмиз, уларнинг аксари у ёки бу миқдорда мантиқ ва фалсафа илмининг қоидаларига асосланганига гувоҳ бўламиз. Ҳатто араб грамматикаси, араб тилининг балоғати ҳам мантиқ асосида ўрганилган.
Мантиқ нафақат фиқҳ ва унинг асослари (усули фиқҳ) ва араб тили билимлари, балки калом ва ақида илмининг ривожида ҳам муҳим роль ўйнади. Ҳадис илмига оид фанлар ҳам мантиқий қарашлардан холи эмас. Шу маънода, мантиқ илми асосий исломий билимлар доирасида воситага айланиб қолди, дейилса ҳам хато бўлмас. Яъни, бу шундай механизмки ундан ўтмасдан туриб исломий фанларни ўрганиш инсонни айрим қийинчилик ва машаққатларга рўбарў қилади.
Шунинг учун ҳам кейинги авлод уламолари ботил асослардан тозаланган мантиқ илмини эҳтиёж доирасида ўрганиш лозим, деган фикрга келдилар.
Бугунги кунда буюк ватандошларимиз бизларга илмий мерос сифатида қолдирган қийматли асарларни тўғри ўрганиш учун ҳам барибир исломий фалсафа ва мантиқ илмини ўрганишга эҳтиёж сезамиз.
Мансур УРАЛОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
махсус сиртқи бўлим битиручиси