Байден Путинни “қотил” деб атади
АҚШ президенти Жо Байден АВС телекомпаниясига берган интервьюсида Россия раҳбари Владимир Путинни “қотил” деб атади.
Путиннинг исми куни кеча Америка разведкасининг АҚШдаги президент сайловига Россия аралашгани ҳақида эълон қилган хулосаси контекстида тилга олинди. Байден январ ойида Путин билан суҳбат чоғида агар Россиянинг сайловга аралашгани тасдиғини топса, бунинг оқибатлари бўлиши ҳақида огоҳлантирганини маълум қилди. Бироқ бу оқибатлар айнан нималардан иборат бўлишини ва сайловга аралашув учун Путин қандай жавоб беришини айтмади.
Журналист Жорж Стефанопулоснинг “Сиз Владимир Путинни биласиз. Нима деб ўйлайсиз, у қотилми?” деган саволига Байден “ҳа” деб жавоб қайтарди.
АҚШ миллий разведкаси 2020 йилдаги сайлов кампаниясига Россиянинг аралашгани тўғрисида 15 саҳифалик ҳисобот тайёрлади. Унда айтилишича, сайловни Дональд Трампнинг фойдасига ўзгартириш бўйича Москвадан бўлган уринишлардан Путиннинг хабари бўлган. Шунингдек, ҳисоботда Россияга алоқадор украиналиклар ёрдамида Трампнинг рақиби бўлган Жо Байденни обрўсизлантиришга ҳаракат қилингани ва унинг Украина билан алоқалари ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилгани айтилган.
АҚШ разведканинг хулосаси эълон қилингач, сайловга аралашуви ва хакерлик ҳужумлари туфайли Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Москва эса АҚШдаги сайловга аралашгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.