МОҲИР ҲУНАРМАНДЛАР ДИЁРИ
Ўзбекистон ўзининг асрий анъаналарига эга кулолчилик, металл буюмлар, атлас тўқимачилиги, ранг-баранг аёллар кийимлари билан сайёҳлар эътиборини ўзига тортадиган маскандир.
Авваламбор, у ташқаридан келадиган ўзгаришлар тўлқинига ҳар доим қаршилик қилиб келган кучли ўзига хослик макони. Ўзбекистон халқи ғоят батартиб ва меҳнатсевар инсонлар.
Бу ерда одамлар маданий шаклларни сақлаб қолиш ва бойитиш билан ўз устачилиги тарихини сақлаб қолишга эришганлар. Ҳунармандчилик анъаналари оилавий сир сифатида авлоддан авлодга ўтишга муваффақ бўлган.
Айниқса, Фарғона водийсида маҳаллий услубларнинг беназир ранг-баранглиги мужассам. Ҳар бир шаҳар ўзининг характерли жилолари акс этган ҳунармандчилик турларига эга. Кулолчилик, темирчилик, ўймакорлик, атлас ва адрас уйғунлиги дастлабки нигоҳдан кўзга ташланадиган шакллар.
Шуниси диққатга сазоворки, ҳар бир турнинг бошқасига ўхшамайдиган бадиий шакллари ва маҳсулотлари бор. Мисол учун, Риштон кулоллар шаҳри ва бу ерда лойдан тайёрланган идишлар водийнинг бошқа шаҳарларида пиширилган идишлардан фарқ қилади. Марғилон атлас ва адрасларининг ҳам, Наманган кашталарининг ҳам ўзига хос ранг ва услублари бошқа жойникидан ажратиб туради.
Водийдан фарқли ўлароқ воҳа халқи аксаран чавандозлик буюмлари: отнинг эгар жабдуқлари, чавандозларнинг мустаҳкам этиклари ва қамчиларини санъат асари даражадаси пишиқ ва жозибали қилиб ясайдилар. Ўша ашёлар ҳам бир вилоятда тайёрлангани иккинчи вилоятда тикилганига қиёфа ва сифат жиҳатидан ўхшамайди.
Шунингдек, водий ва воҳа халқи тайёрлаган қандолатчилик маҳсулотлари ҳам бир-биридан шаклига ва мазасига кўра фарқ қилади.
Бир касбни бир авлоддан иккинчисига қолдиришга асосан бир оила доирасида билим ва маҳоратни ёшларга ўргатиш эвазига эришилади.
Ўзбекистондаги ҳунармандчилик ўзини ўзи асраб қолиш билангина машғул бўлиб қолмасдан муваффақиятли ривожланиш учун қаршисидаги қатор муаммоларни ҳал этиб бориши керак. Жумладан, рақобатбардошлик ва хом ашё муаммоси ҳамда ишлаб чиқарган маҳсулотларини экспортга йўналтириш масаласи. Ана ўшанда қўл меҳнати деб аталадиган ҳунармандчилик анъаналари сақланиб қолади ва келажак авлодларга етиб боради.
Бинафша ЖЎРАҚУЛОВА