Путин Россия мактабларида муҳожир болалар сонини камайтирмоқчи
Кеча, 30 март куни муҳожир болаларни Россиянинг таълим тизимига мослашиши масаласи Президент иштирокида бўлиб ўтган Миллатлараро муносабатлар кенгашининг мажлисида муҳокама қилинган.
Россия президенти Владимир Путин, рус мактабларидаги мигрант болалар сони уларнинг маданияти ва тилига мослашишига имкон бериши керак, деб ҳисоблайди. “Рус тилида ёмон гапирадиган ва хато ёзадиган болалар учун тузатиш синфларини ташкил этган ҳолда, ўқувчиларнинг рус тилини билиш даражасига қараб бўлиш керак”, — деган публицист ва тарихчи Егор Холмогоров.
Унинг фикрига кўра, кўпинча меҳнат муҳожирларининг фарзандлари нафақат “лингвистик қолоқлик”, балки маданий, урф-одатлардаги, хулқ-атворидаги ва модадаги фарқни ҳам намойиш этар эмиш.
«Мактабларда квоталар ва Россиянинг фуқаролари бўлмаган болалар учун алоҳида синфлар шарт. Уларнинг сони 10% дан ошмаслиги керак, акс ҳолда ўқувчиларнинг лингвистик ва маданий муҳитининг тубанлашиши бошланади», — деб ҳисоблайди Холмогоров.
Унинг фикрига кўра, “агар бундай ўқувчилар синфнинг учдан бир қисмини ташкил қилса ҳам, улар бирлашади, кейин қолганлар беихтиёр биз учун бегона хулқ моделларини қабул қилишни бошлайдилар”.
Шундан келиб чиқиб, у сонли квоталардан ташқари, ўқувчиларнинг мактабдаги хатти-ҳаракатлари, уларнинг ташқи қиёфалари тартибга солиниши ва қоидаларда қайд этилиши керак, аксинча бўлса, уларни ҳайдаб юбориш керак экан. Холмогоров нуқтаи назарида, таълим тизимида “омма миллий маданиятининг устувор йўналишлари – аниқроғи рус шаҳар маданияти белгиланиши керак ва миллий озчиликларнинг “маданий ўзлиги” учун чегирмалар бўлмаслиги керак”.
Миллатлараро муносабатлар кенгаши йиғилишида Президент айрим Европа давлатларида ва АҚШда “мактабдаги мигрант болалар даражаси маълум фоизга етганда, маҳаллий аҳоли ўз фарзандларини ушбу мактаблардан олиб чиқиб кетишини” айтган.
Худди шу йиғилишда Федерация Кенгашининг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ихтисослаштирилган қўмитаси раҳбари Лилия Гумерова муҳожирларнинг болаларини рўйхатдан ўтказиш учун ягона маълумотлар базасини яратишни таклиф қилган.
Таҳририятдан: Россия ҳукумати ҳозирги пайтда икки ўт орасида қолган: бир томондан демография сабаб муҳожирлардан воз кеча олмайди, иккинчи томондан миллатчи шовинистлар, яқинлашаётган сайлов туфайли шундай популистик, муҳожирлар ҳуқуқларини камситадиган қарорлар қабул қилишга мажбур бўлмоқда.