Дунё янгиликлари

Рус ҳуқуқ фаоллари Россияни Суриядаги жиноятларини тан олишга чақирмоқда

Чоп этилди Aprel 7, 2021 Рус ҳуқуқ фаоллари Россияни Суриядаги жиноятларини тан олишга чақирмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

Москвадаги ҳуқуқбон гуруҳлар Россияни Суриядаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни тан олишга чақирар экан, мамлакатнинг ўн йиллик можарода тутган ўрни тўғрисидаги қораловчи ҳисобот эълон қилинган.

Сурия уруши бошланганига 10 йил тўлиши муносабати билан эълон қилинган ушбу ҳисобот Россия аралашган можаро тарихидаги биринчиси бўлиб, мамлакатнинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатлари қурбонларига ойдинлик киритишга қаратилган.

«Аксарият россияликлар учун давлат ОАВ Сурия ҳақидаги янгиликларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Уларда асосан тинч аҳолининг террорчилар ва ҳукуматга қарши қуролли мухолифат гуруҳларидан азият чекаётгани ҳақида гапирилади, Сурия ҳукуматининг ҳарбий жиноятлари, инсон ҳуқуқларини қўпол ва мунтазам равишда бузаётгани борасида эса сукут сақланади», дейилади ҳисоботда.

«Россия давлат оммавий ахборот воситалари ҳаммага маълум сабабларга кўра, бомба ҳужумларининг қурбонлари ҳақида ёки Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатлари туфайли тинч аҳолининг мажбуран кўчирилаётганини ёритмайдилар», деб қўшимча қилинади унда.

«Натижада, Россия жамоатчилиги Сурияда кимни ва нимани қўллаб-қувватлаётганимизни, бу уруш бизга қанчага тушаётгани ва уруш умрида қўлига қурол олмаган тинч фуқароларга қанча азоб-уқубатлар олиб келганини тўғри баҳолаш учун етарли маълумотга эга эмас.»

Ҳисобот хулосалари Москванинг расмий баёнотидан ҳамда «террорчиларни» йўқ қилиш ва Башар Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2015 йилдаги аралашув учун президент Владимир Путин тарафидан Россия ҳарбийларига билдирилган мақтовлардан кескин фарқ қилади.

Россиянинг энг таниқли ҳуқуқбон ташкилоти – «Мемориал» ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан тайёрланган 200 саҳифалик ҳисобот Суриядаги воқеаларнинг 150 дан ортиқ гувоҳлари билан суҳбатларни ўз ичига олган.

«Суҳбатдошларимизнинг аксарияти Россияни нажоткор деб эмас, балки ўз ҳарбий ва сиёсий аралашуви билан мамлакатни бошқараётган ҳарбий жиноятчини кучайтиришга кўмаклашган бузғунчи хорижий куч деб билади», дейди ҳуқуқ ташкилотлари.

«Сўралганлардан айримлари ўзи ёки яқинларининг Россия бомбардимонларидан жабр кўрганлигини айтган.»

Ҳисоботда Россия Суриядаги қатор жиноятларда, жумладан тинч аҳолини омматан бомбардимон қилишда ва тинч аҳолига ҳужум қилган, кимёвий қурол қўллаган ва шаҳарларни қамал қилиб, одамларни очлик билан қийнаш каби кенг миқёсли ваҳшийликлар содир этган Сурия режимини қўллаб-қувватлашда айбланган.