Эрдоған Украинанинг НАТОга киришига муносабатини билдирди
Туркия президенти Тойиб Эрдоған Украинанинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда унинг Украина раҳбари Владимир Зеленский билан музокаралари якунлари бўйича қўшма баёнотида айтилган.
Шанба куни Украина Президенти Истанбулга амалий ташриф билан келган эди.
Томонлар Украинанинг Шимолий Атлантика алянсига қўшилиш истиқболи, хусусан, “яқин келажакда аъзолик билан боғлиқ ҳаракатлар режасини олиш” нияти ҳақида гаплашган. Шунингдек, раҳбарлар Украина Қуролли Кучларининг НАТО аъзолари қуролли кучлари билан мувофиқлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар муҳимлигини таъкидлаган.
“Икки томонлама ва кўп томонлама механизмлар, шу жумладан НАТО доирасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун Қора денгиз минтақасидаги минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашни тасдиқлаш”, дейилади баёнотда.
Киев НАТОга аъзо бўлиш Украина учун устувор вазифа эканлигини бир неча бор таъкидлаган. 2014 йилда Олий Рада давлатнинг қўшилмаслик мақомидан воз кечиб, иккита қонунга ўзгартириш киритган. 2016 йил июн ойида Украина алянсга аъзоликни ўзининг ташқи сиёсатининг мақсади сифатида белгилади.
Шу билан бирга, НАТО мамлакатдан ички ислоҳотларни ва ҳарбий блок стандартлари бўйича ўз мудофаасини ривожлантиришни кутмоқда. НАТОнинг собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссеннинг сўзларига кўра, алянсга қўшилиш учун Украина бир қатор мезонларга эришиши керак, уларни амалга ошириш учун кўп вақт талаб этилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Киев яқин 20 йил ичида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беролмайди.