Мақолалар

Ризқлари Аллоҳнинг зиммасида

Чоп этилди Aprel 21, 2021 Ризқлари Аллоҳнинг зиммасидаda fikr bildirishni o'chirish

Хуфтон намозини ўқиб, аёлининг олдига кирди. Фарзандлари ухлаб қолган эди. Аёлидан сўради:

– Болалар намоз ўқишдими?

– Йўқ, уйда бирон егулик қолмаган, озгина овутай десам, намоз ўқимай ухлаб қолишди, – деди аёли.

– Уйғот, намозларини ўқиб олишсин.

– Бегим, ўйғотсам, очликдан йиғлашади, егани бирон нарса йўқ, ахир.

– Менга уларни намозга буюришим амр этилган, ризқларига кафил эмасман. Уйғот, ризқлари Аллоҳнинг зиммасида. Буни Ўзи айтган: «Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир» (Тоҳо 132).

Аёли тушуниб, фарзандларини уйғотди. Болалар намозни ўқиб бўлган эди ҳамки эшик тақиллади. Қарашса, остонада бир бадавлат одам қўлида анвойи неъматлар кўтариб турибди.

– Мана буларни олиб, оила аҳлингиз билан есангиз, – деб қўлидагиларни узатди.

– Узр, сиз ким бўласиз, булар нима? – деб сўради уй эгаси.

– Уйимга шаҳарнинг бообрў бир кишиси келган эди. Бу егуликларни у учун ҳозирлаган эдим. Лекин таомни бошлашдан олдин у билан тортишиб қолдик. Кейин у ҳеч нарса емасликка қасам ичиб, чиқиб кетди. Мен буларни қўлимга олдим-да, кимнинг эшиги олдида тўхтасам, ўшанга бераман, дедим. Аллоҳга қасамки, кўп уйлардан ўтиб, сизнинг остонангизда тўхтаб қолдим. Қасам ичаман, бу ерга қандай келганимни ҳам билмайман, – деди.

«Эй Раббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Эй Раббимиз, дуони қабул этгин» (Иброҳим, 40).