Ассалому алайкум, моҳи Рамазон!
Ойларнинг саййиди муқаддас ойсан,
Фазлу карамларга нақадар бойсан,
Гуноҳдан покловчи анҳорсан, сойсан,
Ассалому алайкум, моҳи Рамазон!
Кишанлаб қўйилар шайтони лаъин,
Аллоҳга ибодат қилсак кун сайин,
Дуолар ижобат бўлиши тайин,
Ассалому алайкум, моҳи Рамазон!
Кекса-ёш Қуръондан қилсак тиловат,
Ҳаққа ҳамд, Расулга айтсак салавот,
Бундан вужудимиз топар ҳаловат,
Ассалому алайкум, моҳи Рамазон!
Тунлар ибодатда бўлсак гар қоим,
Жаннат эшиклари очилар доим,
Шояд раҳм этса бизни Худойим,
Ассалому алайкум, моҳи Рамазон!
Берилган неъматларга қилсак шукрлар,
Гуноҳдан поклансак сўраб узрлар,
Бутун вужудимиз қилар ҳузурлар,
Ассалому алайкум, моҳи Рамазон!
Бу олам чексиздир, одам тумонат,
Бизларга берилган умр омонат,
Раббим имонимиз қилгин саломат,
Ассалому алайкум, моҳи Рамазон!
Ҳошимжон АЛИМОВ,
Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани