Мақолалар

Нима учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи «Сунани Термизий»да зикр қилинмаган?

Чоп этилди Aprel 29, 2021 Нима учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи «Сунани Термизий»да зикр қилинмаган?da fikr bildirishni o'chirish

Сунани Термизийни Аллоҳ насиб этиб ўқиганимизда, бир савол кўп безовта қиларди. Бу саволга баъзи таъвиллар бўлган бўлсада, қалбнинг жоҳилликдан иборат шубҳа ва гумон оловини буткул ўчира олмаган эди.

  Саволнинг келиб чиқиши шундан иборатки, бобомиз Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳадисларни ривоят қила туриб, уларга бўлган фақиҳ ва мужтаҳидларнинг  фикрларини, уларнинг муборак исмларини тилга олиб зикр қиладиларда, лекин биз севиб унга эргашадиган «Ҳанафия» мазҳаби имомларини, хоссатан, Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимларнинг исмларини зикр қилмасдан, умумий ном билан, яъни «Куфа аҳли» ибораси билан уларнинг фикрларини келтирадилар. Бу эса, ўқувчини ҳар хил уй ва хаёлларга олиб боради.

Улуғлар барибир, улуғда! Улар бўлмаганда, бу уммат дунёси ва динида албатта, адашиб кетарди!

Улуғ муҳаддис, умматнинг фахри Ҳазрат Шайх Мавлоно Муфтий Саъид Аҳмад Полонпурий ъаттараллоҳу марқадаҳу бу саволга ўзларининг машҳур «Сунани Термизий»га ёзган шарҳлари «Туҳфатул Алмаъий Шарҳи Сунани Термизий»да бундай гўзал жавоб берганларки, бу ўқувчининг зеҳнидан гумон ўтини илдизи билан юлиб олади ва кўпроқ эмас, балки жуда кўп китоб мутолаа қилиш лозим эканлигига ишора қилади. Қуйида у зотнинг фикрларини келтирамиз:

«Шуни билиб олмоқ лозимки, дастлабки даврда, иккита илм мактаби бор эди. Бири «Ҳижоз илмий мактаби» бўлса, иккинчиси «Ироқ илмий мактаби».

«Ироқ илмий мактаби» вакиллари, асосан, «нусуслар» (Қуръон ва ҳадис)дан масалалар чиқариб олардилар ва зимнан ҳадис илми билан шуғулланардилар. Уларни «Аҳли рай» ҳам дейишарди.

«Ҳижоз илмий мактаби» эса, асосан ҳадис ривояти ва ҳадис илмига доир масала ва фатволар билан шуғулланардилар.

«Ироқ илмий мактаби» деганда, фақат Имом Аъзам ва у зотнинг шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимларни тушуниш хатодир, балки бу мактабнинг вакиллари жуда кўп бўлиб, улардан: Суфёни Саврий, Суфён ибн Уяйна, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Аби Лайло, Ибн Шибрима раҳимаҳумуллоҳлар ва жуда кўп бошқа имомлар шу мактаб вакилларидир. Улардан кейин келган мактаб вакиллари уларнинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, далил жиҳатидан бойитганлар. Шундай қилиб, «Ҳанафия» мазҳаби мактаби вужудга келади.

Бу мактаб билан бир даврда, «Ҳижоз илмий мактаби» вужудга келади. Бу мактаб бошланишда, бир бўлиб, замонлар ўтиши билан турли мактабларга ва мазҳабларга бўлиниб кетади. Аввалда, бу мактабнинг етакчиси: Саъид ибн Мусаййаб раҳматуллоҳи алайҳ бўлиб, кейинчалик эса, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ етакчи бўладилар. Сўнг, Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ алоҳида йўл тутадилар ва у зотнинг алоҳида илмий мактаби вужудга келади. У зотдан кейин, шогирдлари Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ алоҳида йўлни ихтиёр этадилар ва у зотнинг ҳам  алоҳида мазҳаблари вужудга келади. У зотлардан ташқари, яна кўплаб  имомлар ўзларининг алоҳида мактабларини тузадилар. Масалан: Имом Авзоъий, Имом Жарир Табарий раҳимаҳумуллоҳ. Лекин бу мазҳабларга эргашувчилар қолмаганидан кейин бу мазҳаблар ўз-ўзидан табиий тарзда тугайди.

«Ҳижоз илмий мактаби» учта асосий мактабга бўлинади. «Ироқ илмий мактаби» эса, яхлидлигича қолади. Ҳозир ҳам шу тўрт илмий мактаблар бизгача етиб келган ва машҳурдир. «Сиҳоҳи ситта» ёзилган даврда, ҳали «Ҳижоз илмий мактаби» тўлиқлигигача учга бўлинмаган эди. Агар бир киши Моликий бўлса, у тўлиқлигича Моликий эмас эди, балки унинг ружҳони (майли) Моликий мазҳабига эди. Яъни кўп масалаларда, Моликийлар билан маслакдош бўларди. Ким Шофиъий бўлса, кўп масалаларда, Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ билан бирга эди, лекин тўлиқлигича эмас.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ «Ҳижоз илмий мактаби» талабаларидан ва эргашувчиларидан бири эдилар. У зотнинг ружҳонлари (майллари) Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга эди, яъни кўп масалаларда, у зот билан мувофиқ эдилар. Худди Имом Абу Довуднинг ружҳонлари Имом ибн Ҳанбалга бўлгани каби.

«Сунани Термизий»нинг баъзи жойларида бунга сариҳ (очиқдан очиқ) ишоралар бор. Китобнинг ҳеч қаерида, Имом Термизий Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳга очиқлаб эътироз билдирмайдилар, балки у зотни қўллаб-қувватлайдилар. Лекин Имом Абу Ҳанифа ва Имом Шофиъий раҳимаҳумуллоҳга очиқ эътироз билдирадилар. У зот, яна Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимаҳуллоҳга ҳам эътироз билдирмаганлар, чунки бу зотнинг мазҳаблари, бир-икки масалаларни инобатга олмаганда, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларидан деярли фарқ қилмайди. Имом Термизий шу икки мазҳабга эргашганлар.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ «Сунан»ларида «Ироқ илмий мактаби»нинг фақиҳлари: Суфёни Саврий ва Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳларнинг сўзларини, уларнинг исмларини зикр қилиб келтирадилар. Ваҳоланки, Суфёни Саврийнинг 95 фоиз сўзлари ва Абдуллоҳ ибн Муборакнинг 98 фоиз сўзлари Имом Абу Ҳанифанинг сўзларидир. Лекин Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳеч қаерда сароҳатан (очиқчасига) Имом Абу Ҳанифа ва икки соҳибайн Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳларни зикр қилмайдилар, балки «Куфа аҳли» ибораси билан келтирадилар. Кўп «Ҳазратлар» бу ҳолатни: «Ироқий ва Ҳижозий мактаблар орасидаги ўзаро кураш ва тортишувлар сабабли, Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ўз «норозилик»лари ифодаси сабабидан у зотларни шу тарзда зикр қилганлар», -деб тушунишади, лекин бу фикр- нотўғри. Асл гап шуки, у замонда китоблардан ривоят қилиш жоиз бўлмаган, балки ўзига келган санад билан ривоят қилишни жоиз санашган.

 Шунга кўра, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ «Китобул Илал»ларида мужтаҳидларнинг сўзларини санадлари билан келтирганлар. Мужтаҳидларнинг бу сўзлари ҳадисларнинг шарҳи орасида баён қилинган эди. Шунга кўра, Суфёни Саврий ва Ибн Мубораклар ҳадис дарси ҳалқасида баён қилган сўзлари Имом Термизийга санад билан йетиб келган ва у зот бу сўзларни ривоят қилганлар. Уч Имом эса, фиқҳдан дарс берардилар, ҳадислар масалалар зимнида баён қилинар эди. Шунинг учун ҳам бу фиқҳий масалалар уч имомдан у зотга санад билан етиб бормайди. Агар бу сўзлар Термизий раҳимаҳуллоҳга санад билан етиб борганда еди, у зот албатта, бу улуғ зотларни номини, уларнинг фикрларини зикр қилардилар.

Масалан, у зотга санад билан етиб келган, Имом Абу Ҳанифанинг Жобир Жуъфий борасидаги жарҳларини олсак. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ бу жарҳни у зотнинг исмларини зикр қилиб, «Китобул Илал»ларида келтирганлар. Агар шу каби бошқа сўзлар ҳам санад билан келганида, албатта, қавлни у зотнинг исмларини тилга олиб келтирар эдилар.

Лекин шу билан бирга, Ҳижозий мактаб вакиллари Ироқий мактаб вакилларининг фиқҳга доир китобларини мутолаа қилар ва уларнинг фиқҳий маслакларини билар эдилар. Шунингдек, Ироқий мактаб вакиллари ҳам Ҳижозий мактаб вакилларининг ҳадисга оид китобларини мутолаа қилар ва уларнинг ҳадисларидан воқиф эдилар. Шунинг учун ҳам Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ у зотларнинг исмларини зикр қилмасдан фиқҳий маслакларини баён қилиб қўя қолганлар, чунки исмларини зикр қилиш учун санад зарур эди. Бундай ҳолатни Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг «Шарҳи Маъониюл Осор» китобларида ҳам кўришимиз мумкин. У зот Ҳанафий имомларининг фикрларини уларнинг исмларини зикр қилиб келтирадилар. Бошқа имомларнинг фикрларини эса, «Заҳаба қавмун» истилоҳи остида келтириб, уларнинг маслакларини баён қиладилар. Бу тарзда йўл тутишларининг сабаби Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг сабаблари билан бир хилдир. Валлоҳу Аълам! (Манба: «Туҳфатул Алмаъий Шарҳи Сунани Термизий» 1жилд, 183-184 бетлар).

 

Тошкент ислом институти 4 босқич талабаси

Нодирбек ОДИНАЕВ тайёрлади.