Исроил Фаластиннинг Меҳнат вазирлиги биносини бомбардимон қилди
Исроил ҳаво кучлари Фаластиннинг Ғазо секторидаги Меҳнат вазирлиги биносини бомбардимон қилди. Бу ҳақда ТАСС маҳаллий ОАВга асосланиб хабар бермоқда.
«Ғазо шаҳрининг марказидаги Ал-Саура кўчасидаги бомбардимон натижасида Меҳнат вазирлиги биноси бутунлай вайрон бўлди. Ижтимоий тараққиёт вазирлиги идорасига ва унинг омборхоналарига, шунингдек атрофни ўраб турган уйларга жиддий зарар етказилди», деди журналистларга ҳукумат ахборот хизмати котиби Салама Мааруф.
16 май куни аввалроқ Исроил армияси 24 соат ичида Ғазо секторидаги ҳарбий иншоотга зарба бергани ҳақида хабар берилган эди. Худди шу куни Фаластиннинг яҳудийлар давлати ҳудудига ракета зарбалари бериш статистикаси эълон қилинди: шиддатлашиш бошланганидан буён анклавдан 2,8 мингдан ортиқ ракета отилганлиги ҳисоблаб чиқилган.