Туркияни Евроиттифоққа қабул қилиш бўйича музокаралар тўхтатилиши мумкин
Deutsche Welle хабарига кўра, Европарламент Туркияни Европа Иттифоқига қабул қилиш бўйича музокараларни тўхтатишни талаб қилмоқда.
Европарламент томонидан 19 май куни эълон қилинган ҳисоботда таъкидланишича, Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги алоқалар шу даражада совиб кетдики, уларни қайта кўздан кечириш зарур.
Депутатлар Анқаранинг Евроиттифоқ қадриятлари ва меъёрларидан тобора узоқлашаётганини айтмоқда. Уларнинг фикрича, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ҳокимиятни ҳаддан ташқари марказлаштиряпти. Бундан ташқари, евродепутатлар Анқаранинг Греция ва Кипрга нисбатан сиёсатидан, Сурия, Ливия ва Тоғли Қорабоғдаги урушларга аралашувидан хавотирда.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Европарламентнинг ҳисоботини нохолис деб ҳисоблаб, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги билан боғлиқ вазиятга берилган баҳони хато деб атамоқда. Вазирликнинг қайд этишича, Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши унинг стратегик мақсади ҳисобланади ва бу бутун Европага фойда келтиради.
Эслатиб ўтамиз, Туркияни Европа Иттифоқига қабул қилиш бўйича музокаралар 2005 йилда бошланган.