Диний таълим бизга сув ва ҳаводек зарур
Узоққа бормайлик, сўнгги тўрт-беш ой ичида жуда кўпчилик Мисрга диний таълим олиш учун чиқиб кетганини эшитдим. Тағин бир ўзи эмас, оиласи билан кетаётганлар анчагина. Миср, Туркия, Саудия Арабистони каби мамлакатларда миллионлаб (!) юртдошларимиз диний илм оламан, деб юришибди. Тан олишимиз керак, афсуски, юртимизда ҳозирча диний таълим олиш имконияти унчалик кўп эмас. Исломни ўрганиш учун маълум ўқув юртларига кириш кераклиги айтилади. Лекин миллионлаб одамларни 5-10 та исломий даргоҳга сиғдириш имкони йўқ. Аслида аҳолисининг 90 фоизидан ортиғини мусулмонлар ташкил этадиган юртда диний таълим муаммо бўлмаслиги керак.
Шу кунларда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги лойиҳаси устида баҳс-мунозаралар кетмоқда. Жумладан, диний таълим олишни эркинлаштириш, хусусий диний таълимга рухсат этиш масаласи кўтарилмоқда. Вазиятдан келиб чиқиб айтганда, биз учун диний таълим сув ва ҳаводек зарур. Омма мусулмонларнинг илмга эҳтиёжини қондириш учун ҳам, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш учун ҳам бизга соф шаръий-исломий илм керак. Динимизни тўғри ўргатишни йўлга қўйсак, жамиятимиз бундан катта манфаат кўради.
Кимдир: “Юртимизда махсус исломий билим юртлари бор-ку. Истаган одам ўшаларга кириб ўқийверади”, дейиши мумкин. Бу гапга жавоб қайтариш учун мамлакатимиз аҳолиси сони ва мазкур ислом билим юртларига қабул квотаси орасидаги жуда катта фарқни мулоҳаза қилишнинг ўзи етарли. Яъни исломий билим юртлари омма халқнинг диний таълимга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди. Бу кундек равшан (маълумот учун айтиб ўтаман: битта ислом билим юртига 100 нафар ҳам ўқувчи олинмайди, юртимиздаги ҳамма ислом билим юртларини қўшиб ҳисоблаганда, қабул қилинувчилар йилига 1000 нафарга ҳам етмайди).
Юқорида Миср ва шу каби давлатларга илм олиш учун миллионлаб одамлар чиқиб кетаётгани айтилди. Аслида “Ал-Азҳар”да ёки Мадина ислом университида ўқийман, шариат илмлари бўйича яхши мутахассис бўламан, юртга қайтиб одамларга, жамиятга фойда келтираман, деб ният қилиш ёки малака ошириш учун чет элга сафар қилиш яхши. Аммо ислом динини ўзи учун ўрганиш, жумладан, Қуръон ёдлаш мақсадида ҳам миллионлаб одамлар юртдан чиқиб кетаётгани ўйлаб кўриш керак бўлган масаладир.
Диний таълимнинг ёш (+18) ва миқёс жиҳатидан (яъни фақат расмий диний ўқув юртларида олиниши мумкин деб) чеклангани кўп муаммоларни келтириб чиқаради. Юқорида айтганимиздек, аксар одамларнинг илм излаб чет элга чиқиб кетиши, ортиқча оворагарчилик, юрт ичкарисида билимсизлик оқибатида турли жиноятлар сони ортиши, оилавий ажримлар ва ўз жонига қасд қилишлар миқдори кўпайиши, тушкунлик, руҳий изтироб каби муаммолар соф диний-исломий билимлар етарлича берилмаслиги оқибатидир.
Сўнгги йилларда юртимизда ислом банк тизимини жорий этиш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Исломий туризмни йўлга қўйиш бўйича ҳам саъй-ҳаракатлар бор. Бунинг учун бизга малакали кадрлар керак. Диний билимни эркинлаштириш, хусусий сектор билан шерикчилик асосида ислом фиқҳи, исломий молия масалаларини чуқур ўргатиш орқали бу масалани ижобий ҳал этса бўлади. Алоҳида қайд этиш лозим: ислом молиясини юртимизда кенг йўлга қўйиш мамлакат иқтисодига жуда катта фойда келтиради.
Қолаверса, юртимизда коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш олиб борилмоқда, бу йўлда турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Лекин ислоҳотлар тўлақонли натижа бериши учун масаланинг нафақат моддий-ташкилий, балки маънавий-руҳий тарафига ҳам эътибор қаратиш лозим. Яъни одамлар қалбида Буюк Зотдан қўрқиш, эртага ҳар бир қилган иши юзасидан Аллоҳ олдида жавоб бериш ҳисси шакллантирилса, бировнинг ҳаққини ейиш, давлат мулкини ўзлаштиш каби ножўя хатти-ҳаракатлар секин-аста барҳам топади. Бу, ўз навбатида, юртимиз иқтисодий тарафдан тараққий этишига, барча соҳа бирдек ривожланишига туртки бўлади.
Албатта, диний таълимга эркинлик берилар экан бунда давлат назорати ҳам муҳим. Айтмоқчи бўлганимиз, диний таълимни фақат махсус олий даргоҳларгагина чеклаб қўймасдан, хусусий тарзда, масалан, таълим марказлари ёки масжидлар қошида ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
“Диний кадрлар кўпайиб кетса, шунча одамни қандай иш билан таъминланади?” деган савол ҳам туғилиши мумкин. Динни ўрганди, дегани, албатта, диний соҳада ишлаши шарт дегани эмас. Динни ўрганиб, истисодчи бўлсин, динни ўрганиб, тадбиркор бўлсин, марҳамат. Нимаси ёмон? Қайтага яхши. Чунки дин инсонни тарбиялайди, оқ-қорани ўргатади. Динни ўрганиб, исталган соҳада таълимни ёки фаолиятни давом эттириш мумкин.
Туркия, Малайзия, Сингапур каби давлатлар ислом дини кўрсатмаларига амал қилиб, юртни ҳар жиҳатдан ривожлантиришга эришмоқдалар. Имом Бухорий, имом Термизий, Беруний, Ал-Хоразмий юртдошлари бундай ютуқларга улардан кўра муносиброқ саналади. Нега биз муқаддас динимиз кўрсатмаларидан унумли фойдаланиб, жамиятимизни ривожлантирмаслигимиз керак? Қилса бўладиган иш. Фақат хоҳиш-истак, рухсат ва саъй-ҳаракат бўлса бас.
“Агар диний таълимга кенг йўл очиб берилса, миссионерлар, миллатимизга хос бўлмаган бошқа эътиқодларни тарғиб қилувчилар кўпаяди”, деган ҳадик ҳам бўлиши мумкин. Тўғри, аммо жуда оз сонли тоифалар ҳисобига исломий таълимни чеклаш ҳам тўғри эмас, назаримда. Бу борада бир қарорга келиш учун аҳолининг аксар қисми қайси динга эътиқод қилишига қаралса, адолатдан бўлади.
Яна кимдир: “Юртимизда диний китоблар чиқяпти, телевидение орқали турли кўрсатувлар мунтазам бериб бориляпти, мусулмонлар идорасининг расмий сайтлари ишлаб турибди. Шунинг ўзи етарли эмасми?” дейиши мумкин. Тўғри, саналган ютуқларни эътироф этамиз. Аммо барибир устоз билан ёнма-ён ўтириб, дарс олганга етмайди. Қолаверса, шундай илмлар борки, уни (масалан, тажвид – Қуръонни тўғри ўқиш қоидаларини) ўзингиз китобдан қараб, мустақил ўргана олмайсиз. Сизга, албатта, устоз керак бўлади.
Шу нуқтаси назардан олиб қараганда, юртимизда диний таълимни эркинлаштириш, бу борада қўйилган ёш чекловини камайтириш (масалан, диний таълимни 7-8 ёшдан олиш мумкин, деб белгилаш)ни тавсия этаман. Ишонтириб айтаманки, бу ислоҳот юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшади, жамиятнинг маънавий-руҳий, ижтимоий, иқтисодий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади, одамлар билан давлат ўртасидаги айрим тўсиқларни олиб ташлайди, ҳукумат ҳақидаги нотўғри тушунчаларга барҳам беради.
Зиёвуддин Раҳим