Болажон ўзбекнинг ҳар куни болалар байрамидир
Чунки халқимиз боламга, деб яшайди; боламга, деб ишлайди; нима яхшиликлар бўлса, боламга бўлсин, дея орзу-ҳавасларини ҳам болаларининг тақдирига боғлайди. Миллатимизнинг ана фазилати шарофати билан Ватанимиз бағри ёшларга тўлган.
Дарҳақиқат, бизнинг кўзимиз ўрганиб қолгани боис унчалик кўп ҳис қилмаслигимиз мумкин. Аммо четдан келган киши, айниқса, қариб бораётган миллатлар вакилларидан бўлганлар буни ғоятда теран ҳис қиладилар. Улар ўзларини гул-гул очилиб юрган ўсмир-ёшлар, шодон қийқириб чопқилаб бораётган болажонлар даврасида кўриб хурсанд бўлиб кетадилар. Илло, юртимизда ўсиш-улғайиш кўп, туғилиш-кўпайиш кўп – ўнта бўлса ўрни бошқа… Ҳа шундай, “билмасангиз жим ўтиринг!”
Эртага эса 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни.
Бундай ўйлаб қарасангиз, уйида ота-онасининг ардоғида, мактаб-боғчада устоз-мураббийлар паноҳида, давлат ва жамиятнинг ҳимоясида бўлган болаларни нимадан ҳимоя қилиш керак, деб ажабланасиз ҳам.
Эътибор қилинг, «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» 1925 йилда Женевада болалар фаровонлиги бўйича бутунжаҳон конференциясида эълон қилинган. Ўша кундан бошлаб жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида 1 июнь болалар байрами сифатида нишонланади. Аммо ҳаммасида эмас, 50га яқин давлатда, яна кўплаб давлатларда эса 20 ноябрь болалар байрами саналади. Бундан ташқари, Болалар кунини 5 майда, 20 сентябрда, 30 апрелда ёки бошқа саналарда нишонлайдиган давлатлар ҳам бор. Ушбу байрамни 20 ноябрда нишонлайдиган давлатларнинг асоси – 1959 йил 20 ноябрда «Бола ҳуқуқлари декларацияси» 1989 йил 20 ноябрда «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция» Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган эди.
Нима учун? Чунки дунёнинг кўплаб давлатларида болалар зўравонлик, эксплуатация ва дискриминацияга дучор бўлаётган эдилар. Яъни ўша йилларда собиқ Иттифоқ ва унинг таркибида бўлган Ўзбекистон Республикасида ҳам болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланилар эди ва унинг оқаваси яқин ўтмишга қадар ҳам давом этиб келди. Қуролли тўқнашувлар бўлаётган мамлакатларда эса болалар аскарликка ҳам жалб қилинади ва бундан ҳам даҳшатли ҳодисаларни бошидан кечирадилар. Бунинг оқибатида ўлим билан юзлашади, жисмоний ва руҳий жароҳат орттирадилар.
Бинобарин, ҳамма ёқда ҳамма инсон ҳуқуқлари, болалар ҳимоясидан лоф уриб ётган бугунги паллада ҳам 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган 153 миллионга яқин болалар меҳнат жалб қилинмоқда.
Ушбу байрам болаларни ана шундай нохушликлардан ҳимоя қилиш борасида бирдамлик, ҳамжиҳатлик бўлишини таъмин этиш мақсадида таъсис этилган. Бизнинг мамлакатимизда ҳам мазкур байрам катта шодиёналар билан ўтказилади. Шу кун юртимиз кўчалар жажжи қўлларида гулдасталар, шарчалар, ўйинчоқлар кўтариб олган шўху шодон болалар ва сочлари жамалак қизалоқлар билан ҳар доимгидан ҳам гавжум бўлади. Шаҳар-қишлоқларимиздаги боғлар, боғлардаги аттракационлар болажонлар хизматида бўлади. Таъбир жоиз бўлса, болажонлар айнан шу кунда наинки ота-онаси ва яқинларининг, балки бошқа катталарнинг ҳам қайноқ меҳрини янада теранроқ ҳис қиладилар ва бунинг замирида ўзларининг порлоқ келажакларини кўрадилар.
Дамин ЖУМАҚУЛ