Марокашда норозилик сифатида Исроил элчиси борган жойлар тозаланди
Марокашда «Нормаллашишга қарши Фаластинни қўллаб-қувватлаш» гуруҳи фаоллари Исроил дипломатик миссияси раҳбари Давид Говрин борган жойларни тозалаб чиқишди.
Улар Исроилнинг Шарқий Қуддус, Ғазо ва Ғарбий соҳилда амалга оширган ҳужумларга нисбатан ўз норозикларини шу тарзда ифода этишди.
«Анадолу» агентлигининг хабар беришича, Давид Говрин Марокаш пойтахти Работдаги тарихий «Ҳасан» жоме масжидини бориб кўрган. Шундан сўнг «Нормаллашишга қарши Фаластинни қўллаб-қувватлаш» гуруҳи вакиллари Таййиб Мидмад, Муҳаммад Жаъфарий ва Абу Шита бу ерни тозалаб чиқишди.
Исроил дипломатик миссиси раҳбари Фас шаҳридаги «Қаровиййин» масжидига боргандан кейин у ер ҳам тозаланган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 10 декабрь куни АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп Марокаш ва Исроил ўртасида дипломатик алоқа ўрнатиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди.
Шундай қилиб, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва Судандан кейин 2020 йилда Исроил билан алоқа ўрнатган тўртинчи араб давлати Марокаш бўлди.