Шарқий Туркистонда инсониятга қарши жиноятлар содир этиляпти
Халқаро амнистия ташкилоти Шарқий Туркистондаги мусулмонлар оммавий равишда қамалаётгани, қийноқлар ва зулмга учраётгани ҳақида ҳисобот тайёрлади. Пайшанба куни эълон қилинган 160 саҳифалик ҳисоботда Шарқий Туркистонда инсониятга қарши жиноятлар содир этилаётгани айтилган.
Ташкилотга кўра, Хитой ҳукумати уйғурлар, қозоқлар ва бошқа мусулмон халқлар вакилларига нисбатан шафқатсиз сиёсат юритмоқда.
Қайд этилишича, Шарқий Туркистонда 2017 йилдан бери жуда кўп мусулмонлар ўзбошимчалик билан ҳисбга олинган. Ҳисоботда озодликка чиққанларнинг бари қийноққа солингани ёки қўпол муомалага учрагани аниқлангани таъкидланган.
Халқаро амнистия ташкилоти вакиллари билан учрашган собиқ маҳбуслар аввалига полиция марказига олиб борилганини, биометрик ва тиббий маълумотлари қайд этилгандан кейин эса лагерга жўнатилганини айтган. Улар қўл-оёқлари стулга кишанланган ҳолатда сўроқ қилинган.
Шунингдек, собиқ маҳбуслар Шарқий Туркистоннинг ҳар томонида масжидлар, қабристонлар, бошқа диний ва маданий объектлар тизимли равишда бузилаётганини маълум қилган.
Халқаро амнистия ташкилоти Хитойни лагерларни ёпишга ва мусулмонларга нисбатан зулмларни тўхтатишга, халқаро ҳамжамиятни эса ушбу масала бўйича ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга чақирди. Хитой ҳукумати Шарқий Туркистондаги вазият бўйича янграётган барча танқидлар ва айбловларни инкор этиб келади.