КОРРУПЦИЯГА ЙЎЛ ЙЎҚ!
Бугун бутун бошлим мамлакатлар тараққиётига, башарият равнақига ғов бўлаётган энг хавфли иллатларан бири – бу коррупция, порахўрликдир. Коррупция ва порахўрлик жамиятни поракандаликка юз туттиради.
Муқаддас динимизда бу ишлар қаттиқ қораланади. Инсонларнинг молларини ботил йўл билан ейишга тенглаштиради: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг” (Бақара сураси, 188-оят).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ оятдаги: “молларингизни ботил йўл билан еманг” жумласи ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, порахўрлик, ҳаром нарсаларни сотиш, ҳаром касб орқали даромад топиш каби номақбул амалларни ўз ичига олади”, деб тафсир қилган (Тафсири Қуртубий).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукмда пора берувчи ва пора олувчини лаънатладилар” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).
Савбон розияллоҳу анҳу ривоятида: “Набий алайҳиссалом пора берувчи, пора олувчи ва уларга воситачини лаънатладилар”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти). Имом Табароний ривоятида эса: “Пора олган ва берган жаҳаннамда”, деб келтирилган. Уламолар: “Пора берувчининг мақсади мусулмонга озор етказиш ёки ҳақи бўлмаган нарсани қўлга киритиш бўлса, у малъундир” , дейишади.
Пора аслида – ҳақсизни ҳақ, янглишни тўғри, ёмонни яхши, салоҳиятсизни салоҳиятли этиб кўрсатиш учун бирон кимсадан олинадиган эваздир. Ушбу эвазнинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаром бўлиши билан бирга, диёнатли кишиларнинг ҳаётларини издан чиқариб юборадиган даражада хавфли ҳамдир. Йиллар давомида кунни тунга улаб, фарзандини билимли қилган ота-онанинг меҳнатини саробга айлантирувчи, мазлумнинг ҳақини золимга қолдирувчи разолатдир.
Тарихий манбаларга кўра, Соҳибқирон бобомиз ўз давлатида коррупцияга қарши кескин курашган. У ҳукмдорга хиёнат, порахўрлик, мансабини суиистеъмол қилиш, халқ манфаатидан ўз манфаатини устун қўйиш сингари ўта хавфли иллатларни қатъий чоралар билангина бартараф этиш мумкин, деб ҳисоблаган.
Порахўрлик ҳеч қачон кишига бахт келтирмайди. Буни порахўрлик билан шуғулланадиган одам яхши англайди. Олдин ҳалол яшаб, кейинчалик порахўрликка ружу қўйганнинг ўзи бунга иқрордир. Сабаби, у – “Инсон ўзининг зарарига гувоҳлик берувчидир” (Қиёмат сураси, 14-оят).
Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу халифалик вақтида умр йўлдоши билан қишлоқлардан бирини зиёрат қилди. Қишлоқ аёллари халифанинг хотинига турли-туман ҳадялар беришди. Уйга қайтганида ҳазрат Умар совғалар қаердан келганини сўраб билди ва: “Халифа бўлмаганимда сенга ҳадя беришмасди. Чунки авваллари сенга ҳадя беришмасди-ку?!” деди ва барча совғаларни байтулмолга топшириб юборди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирганлар. Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом уни Яманга (ишга) юборганлар. Жўнаб кетганидан кейин орқасидан одам юборганлар. Қайтиб келганида: “Сенга нима учун одам юборганимни биласанми? Рухсатимсиз бирор нарсани олмагин. Чунки у ғулулдир. Ким ғулул олса, қиёмат куни ғулул (давлат мол-мулкидан ўғирланган нарса) олган нарсаси билан келади”, деб огоҳлантирдилар.
Аллоҳ таоло барчамизни турли иллатлардан асрасин!
Саҳобиддин САТИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги Ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи