Мақолалар

Ҳазрати Умарнинг жаҳли

Чоп этилди Avgust 5, 2021 Ҳазрати Умарнинг жаҳлиda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакисининг ўғли Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума бадавий Увайна ибн Ҳисн билан ҳазрати Умар орасида бўлиб ўтган бир воқеани бундай ҳикоя қилади:

Ҳазрати Умарнинг халифалиги даврида Увайна ибн Ҳисн[1] Мадинага келди ва укасининг ўғли Ҳур ибн Қайсга меҳмон бўлди. Ҳур ибн Қайс ҳазрати Умарнинг маслаҳат кенгаши аъзоларидан бири эди.

Олимлар одамлар хоҳ у кекса, хоҳ ёш бўлсин, ҳазрати Умарнинг маслаҳат кенгашида қатнаша олар эди. Шу сабабдан Увайна жияни Ҳур ибн Қайсга:

  – Жиян, шу давлат раҳбарининг олдида бир эътиборинг борми? Бор бўлса, мени у билан учраштириб қўй, – деди.

Ҳур:

  –  Амаки, сиз билан учрашишга у кишидан изн оламан, – деди ва ҳақиқатан изн олди.

   Увайна ҳазрати Умарнинг олдига киргани заҳоти:

 – Хаттобнинг ўғли, – дея қўпол бир шаклда сўз бошлади. – Худо ҳаққи, сен бизга дурустроқ нарса бермаяпсан. Орамизда адолат билан ҳукм ҳам этмаяпсан, – деди.

 Бундан ҳазрати Умарнинг қаттиқ жаҳли чиқди ва Увайнани бир шапалоқ урмоқ истади. Шу чоқда Ҳур ибн Қайс орага кириб:

–  Эй мўминлар амири! Аллоҳ таоло Пайғамбарига: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят), деб марҳамат қилган. Менинг амаким ҳам жоҳиллардандир”, деди.

 Абдуллоҳ ибн Аббос сўзини бундай давом эттирди:  Худо ҳаққи, Ҳур шу оятни ўқигани заҳоти Умар Увайнага жазо беришдан воз кечди. Чунки Умар Аллоҳнинг Китобига ниҳоятда қаттиқ боғланган инсон эди[2].

[1] 1-Бу ўринда оти келган Увайна ибн Ҳисн чўлда яшаган қўпол, дағал бир бадавий эди. У Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурида ҳам шундай қўполликлар қилар эди. Ҳазрати Абу Бакрнинг замонида диндан чиқиш (иртидот) воқеаларида Увайна ҳам диндан чиққан эди. Фақат кейинроқ тавба қилиб яна Исломга қайтганди.

Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

[2] Бухорий, Тафсир 7/5, Эътисом, 2