Нега йиғладилар?
Энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобийлардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:
Расули акром соллаллоҳу алайҳи ва саллам боқий дунёга кўчганларидан сўнг эди. Бир куни ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умарга:
– Юринг, Пайғамбар алайҳиссалом қилганлари каби Умму Айманнинг зиёратига борамиз, – деди.
Биргалашиб Пайғамбаримизнинг энагаси Умму Айманнинг уйига бордилар. Умму Айман уларни кўрди-ю, йиғлашни бошлади.
– Нега йиғлайсиз, ахир Аллоҳнинг ҳузуридаги неъматлар Пайғамбар алайҳиссалом учун янада хайрлидир, – дедилар.
Умму Айман бундай жавоб берди:
– Мен унинг учун йиғламаяпман. Аллоҳнинг ҳузуридаги неъматларнинг Пайғамбар алайҳиссалом учун янада хайрли эканини мен ҳам биламан. Мен энди самодан ваҳий келмайди, дея йиғлаяпман.
Умму Айманнинг бу сўзлари ҳазрати Абу Бакр билан Умарни ҳам тўлқинлантириб юборди, улар ҳам Умму Айманга қўшилиб йиғладилар[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Муслим, Фазоил ус-саҳоба, 103; Ибн Можа, Жаноиз, 65.