Саудия Арабистонида коронавирус билан касалланиш камаймоқда
Саудия Арабистонида сўнгги ўн кунда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари анча пасайган. Соғлиқни сақлаш соҳаси экспертлари буни жамоатчиликнинг гигиена қоидаларига риоя қилиши ва вакцина олиш даражасининг ошгани билан боғлашмоқда.
Соҳа мутахассисларининг айтишича, жамоатчиликнинг белгиланган кўрсатмаларга доимий риоя қилиши ва вакцина дозасининг иккаласини ҳам олган фуқаролар сони кўпайиши натижасида, Қиролликда кейинги икки ойда жамоавий иммунитет шаклланган. Айни пайтда мамлакатнинг 34,8 миллион нафар аҳолисидан 33,6 фоизи вакцинанинг иккала дозасини ҳам олган.
Расмийлар жамоатчиликни саломатликка оид ҳар қандай ҳуқуқбузарликлар ҳақида 940 телефон рақамига қўнғироқ қилиш ёки Balady иловасидан фойдаланган ҳолда, хабар беришга чақирди.
www.arabnews.com материаллари асосида
Гулруҳ Абдуллаева тайёрлади, ЎзА