«Толибон» қирол Зоҳир Шоҳ давридаги конституциядан фойдаланмоқчи
«Толибон» Афғонистоннинг сўнгги қироли Муҳаммад Зоҳир Шоҳ ҳукмронлиги давридаги (1933−1973) конституцияга вақтинча амал қилади. Бу ҳақда адлия вазири в.б. этиб тайинланган Aбдул Ҳаким Шариа маълум қилди, деб ёзади ТАСС Amadnews’га таяниб. Ҳукумат вакилининг аниқлик киритишича, конституциядан шариат қонунларига зид бўлган низомлар истисно қилинади.
Aфғонистонда мустақилликка эришганидан, яъни 1919 йилдан буён етти марта конституция ўзгарди. «Толибон» ҳокимиятга келишидан олдин мамлакатда 2004 йилда қабул қилинган конституция амал қилганди.
1964 йилда Лоя жирга (Бутун Aфғонистон оқсоқоллар кенгаши) Заҳир Шоҳ раислигида Aфғонистоннинг янги Конституциясини тасдиқлаганди. Ушбу асосий қонун мамлакат тарихидаги энг демократик конституциялардан бири ҳисобланади.
Ушбу ҳужжатда диний меъёр ва маросимларга риоя қилиш мамлакат аҳолиси учун мажбурий эмаслиги белгиланган.
Бундан ташқари, бир қанча ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда, жумладан, суд тизимида диний раҳбарларнинг роли чекланган эди. Шу билан бирга, Aфғонистон парламенти биринчи марта ҳукуматга ишончсизлик вотумини билдириш ҳуқуқига эга бўлган.