ТОМАШ КОТИКНИНГ МИСЛСИЗ ЖАСОРАТИ
Томаш Котик трамвайда бир кекса аёлга жой берди. Бу қувончли хабар бутун Варшава бўйлаб ёйилгач, мен мухбирлик дафтар-қаламим билан апил-тапил қуролландим-у, Томаш яшайдиган жойга ошиқдим.
Унинг уйини кўп қидирмадим, чунки кўчани лиммо-лим тўлдирган оломон қаҳрамонни қутлаётган экан.
Мен деворга қапиша-қапиша оломонни аранг ёриб ўтиб, жасорат соҳибининг тинчлигини қўриқлаётган милиционерлар қошига бордим.
Махсус маҳкама менга эртага рухсатнома берди. Бугун чет эллик делегатлар билан Польша радиоси ва ҳужжатли кино ходимлари қаҳрамоннинг қабулига мушарраф бўлибди, холос.
Котикнинг қабулида бўлиш учун эртаси кун саҳардан ўз навбатимни хавотирланиб кута бошладим.
Ниҳоят, ўша – машҳур Котикнинг рўпарасига бориш менга ҳам насиб этди.
Фотоаппаратларнинг чақ-чуқи рефлектор нинг ўткир нурига кўникиб, улуғ ватандошимга ҳаяжону ички бир фахр ила тикилдим. Биринчи қарашда уни оддий бир ўсмир деб аташ мумкин. Аммо диққат билан назар солгач, унинг чеҳрасини нурафшон этиб турган олижаноблик белгиларини яққол кўрдим.
Қаҳрамон мени кўргач уф тортди.
– Яна интервью…
– Илтимос қиламан, илтимос, айтинг-чи, бундай қаҳрамонлик кўрсатишга қандай журъат этдингиз, – деб сўрадим қўрқа-писа.
– Яхши, эшитинг. Қисқа қиламан… Биринчи январ куни ғаройиб бир нарсани амалга оширишга ундайдиган ғайри табиий истак билан уйғондим. Шунда ўзимга: “Томаш Котик! Янги йилни шундай бир қаҳрамонлик билан бошлаки, токи бу муҳтарам замондошларимиз хотирасида мангу сақлансин!” – дедим.
– Сиз… Сиз худди шундай айтдингизми? – дея пичирладим завқ-шавқдан тўлқинланиб.
– Пани , ҳозиргина мендан қандай эшитган бўлсангиз, шундай аниқ… Мен қаттиқ қарор қилиб кўчага чиқдим. Сўзимнинг устидан чиқмагунча уйга қайтмайман. О, мен бирорта гўдакнинг шиддат билан келаётган автомобилга дуч келиб қолишини қанчалар орзу қилган эдим, ё албатта, қутқарардим, ё жасадим унинг ёнида чўзилиб ётарди! Умид билан трамвай бекатига йўл олдим, балки тақдир мана бу еримда, – у галстугини кўрсатди, – қайнаётган ҳимматли туйғуни кўрсатишни насиб этар. Трамвай келди…
– Қайси трамвай? Эслай оласизми?
– Бир умр унутмайман. Бу – ўн саккизинчи трамвай эди, – деб жавоб берди Котик кўтаринки овоз билан. Ўзини босиб олгач, давом этди: –трамвай тиқилинч эди. Бир пайт қандайдир гражданин турди ва эшикка қараб юра бошлади. Мен саросимага тушмадим. Бўш ўрин томон отилдим ва йўловчилар билан бўлган қисқагина жангдан сўнг уни ишғол қилдим. Шу сония кекса аёлга кўзим тушди…
Мухбирлар, матбуот конференциясининг4 барча қатнашчилари нафасларини ичига ютиб қотиб қолишди. Ўз хаёлларига ғарқ бўлган Котик яна давом этди:
– Йўқ, мен албатта бундай оддий, кундалик воқеага парво қилмаган бўлардим. Қара-я, кекса аёл! Аммо ички бир овоз менга уқтирдики, – мана бу еримдан – у кўйлагининг тугмасини кўрсатди, – “Томаш Котик! Сен қаҳрамонлик кўрсатишга орзумандсан – шундай экан, бир дақиқани ҳам бой берма!” Кейин ҳаммаси тушдагидай рўй берди… Билмадим… Бу шундай… Бу шундай содир бўлдики… оҳ, кечирасиз, мен ҳаяжонланаяпман, айтиш қийин бўляпти…
У бурнини артиб сўнг сув ичди. Хонага сукут чўмди. Мухбирлар пероси тўхтаб қолди.
– Ўшанда, – дея сўзини якунлади Котик, – мен унга жой бердим.
Қарсаклар гумбурлади.
– О, бу қанчалар мисли кўрилмаган ва таъсирчан, – дея ҳайқирдим мен қувончдан юрагим ёрилаёзиб. Сўнгги кучларимни тўплаб, ҳадиксираб сўрадим: – Айтинчи, илтимос, бу… бу қандай содир бўлди?
– Мен турдим ва: “Ўтир, буви!” – дедим.
Киприкларим орасидан катта ёш томчилари сизди. Мен қаттиқ таъсирланиб, титраётган эдим. Эркаклар ҳўнграб юборишди.
Стефания ГРОДЗНСКАЯ
(Польша)
Русчадан Чори АВАЗ таржимаси