«Масжид маънавият, маърифат масканига айланиши керак» –муфтий Нуриддин домла Холиқназаров
Ўтган йили Сардоба сув омборида рўй берган фалокат натижасида шу ҳудуддаги «Юсуф» жоме масжиди вайрон бўлган эди. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди ва сахий юртдошларимизнинг кўмаги билан мазкур масжидда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб борилди.
Бугун, 16 ноябрь куни ушбу масжиднинг янгидан бунёд этилган иншоотининг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Тадбир Қуръон тиловати билан бошланди. Сўнгра Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров сўз навбатини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига берди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда қаср бино қилади”, деганлар. Масжидни бино қилишда қатнашган ҳамма мана шу савобга дохил бўлади, инша Аллоҳ. Кимдир моли билан, кимдир меҳнати, кимдир дуоси билан хизмат қилади.
Аслида масжидлар ортиқча безакларсиз, кишини ибодатдан чалғитмайдиган даражада оддий бўлиши керак. «Юсуф» масжиди ҳам ана шунда безакларсиз бўлгани айни муддаодир. Бу ерда турли ортиқча унсурлар эмас, жуда катта файз бор. Масжид одамларни ибодатдан чалғитадиган нарсалардан холи бўлиши керак. Масжид маънавият, маърифат масканига айланиши керак», – деди муфтий Нуриддин домла Холиқназаров.
Муфтий ҳазрат ўз нутқларидан сўнг масжидга муқаддас Қуръони карим ва унинг таржимаси ҳамда яна бир қатор китоблар совға қилдилар. Шунингдек, масжидга диний идора фондидан масжид кутубхонасини бойитиш учун 20 миллион сўм ажратилди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди раиси Яҳё қори Абдураҳмонов эса масжид қурилишига ўзининг каттаю кичик ҳиссасини қўшган барчага миннатдорчилик билдирди. Янги масжиднинг бунёд этилишида хизмат кўрсатган усталарга зарбоф чопон кийдирилди.
Маросим сўнгида муфтий Нуриддин домла Холиқназаров юртимиз мусулмонлари ҳақига дуо қилди.