Ирландияда кенг ёйилаётган дин
Ирландия қадимдан Рим-католик черкови чуқур илдиз отган ўлка. Аммо Ислом ушбу зумрад оролдаги энг жадал ривожланаётган дин саналади. Тадқиқотлар хулосаларга кўра, 2043 йилга келиб Ислом оммавийлик жиҳатидан протестантликни ортида қолдириб, иккинчи ўринга чиқиб олади. Ирландия марказий статитистика бошқармаси хабарига кўра, мусулмонлар сони кун сайин ортиб боряпти, натижада Ирландия мусулмонларининг 2020 йилдаги сони 2014 йилдагига нисбатан икки баробар ортди.
Бу кўпайиш мамлакатга муҳожирларнинг келиши ва маҳаллий аҳоли орасида исломга кирганларнинг ортиши билан боғлиқлиги айтилмоқда. Мамлакат мусулмонлари сони кўпайиб бораётган туфайли Дублин шаҳар мерияси шаҳарда энг катта масжид қуриш лойиҳасини тасдиқлади. Ушбу масжидда бир вақтнинг ўзида уч мингдан кўп намозхон намоз ўқий оладиган бўлади. Шунингдек, унинг иккита минораси, маданият маркази, идораси, кутубхонаси, ўқув зали, анжуманлар хонаси, мактаб, фитнес маркази ва ҳатто хонадонлари ҳам бўлади.
Ирландия муслималари рўмолини эмин-эркин ўраб юрадилар. Irish Independent газетаси хабар қилишича, мусулмонларнинг сони диний муносабатлар воситасида ортиб бормоқда. Жумладан, Ирландияда ҳар йили 500 нафар католок Исломга кирмоқда. Янги мусулмон бўлганларнинг аксари аёллардир. Янги муслималардан бири, Оиша (Лиза) Колфилд Independent газетаси мухбирига ўзининг қандай қилиб Исломни топгани ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди: “Мен Ислом билан 12 ёшимда қизиқа бошладим. Менинг турмуш тарзим ирландияликларнинг одатий турмушига ўхшамас эди. Яъни тунги клубларга бормасдим, спиртли ичимликлар ичмасдим. Мен ҳар доим тинчгина ҳаёт кечирадиган, менинг табиатимга мос эътиқоддаги инсонлар ҳам бормикан, деб қизиқиб юрардим”.
Оишанинг таъкидлашича, Ислом унга ҳаётида етишмаётган парчани топиб берди. У уч йил бурун Исломга кирди ва ўтган йили мусулмон инсонга турмушга чиқди. Оишанинг айтишича, унинг Исломга кирганидан оиласи аъзолари жуда ҳам хурсанд бўлган. “Оила аъзоларим менга рўмол сотиб олишди, отам эса Қуръони краим совға қилди. Ҳолбуки, у – тақводор католок, ҳар ҳафта якшанба хизматига боради”.
Аёл ўзининг Исломга кирганидан кейин бахтиёр ҳаёт кечираётганини айтади. “Ислом бу – тинч ва хотиржам турмуш тарзидир”.
Кекса ёшдаги ирланд аёллари ҳам Исломга кирмоқдалар. 68 ёшга тўлган Брижит Дарби ҳам католок оиласида таваллуд топган. У Қоҳирага саёҳатга борганидан сўнг Исломга кирганини айтади. “Мен ўша сафаримгача Ислом – қўрқинчли дин, деб ўйлаб юрардим, аммо кўрганларим таъсирида фикрим ўзгарди. Бутун умрим давомида бирорта динни тан олмай яшагандим ва ёлғизликда яшашга уринардим. Бироқ ҳар доим ўзимни кимдир бошқараётганини ҳис қилиб турардим. Исломга кирганимдан кейин билдимки, Аллоҳ таоло ҳар доим мен билан бирга экан”.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.