Юртимиздаги масжидлар сони 2100 тага етди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатимизда масжидлар сони яна биттага кўпайгани ҳақида маълум қилди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётига асосланиб берилган маълумотга кўра, бугун Қанликўл тумани «Қос жап» овул фуқаролари йиғини ҳудудида «Атажан хўжа» жоме масжидига Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан гувоҳнома топширилиб, масжид бугун ўз фаолиятини бошлади.
Эллик икки мингдан зиёд аҳолига эга Қанликўл туманида бугунги кунгача атиги битта масжид аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган эди. У ҳам бўлса туман марказида бўлгани боис кўпчилик, айниқса катта ёшдаги нуронийларнинг масжидга келиб-кетишларида қийинчилик туғиларди.
Масжид маҳаллий тадбиркор ва аҳолининг яқиндан берган кўмаги билан барча қўлайликларга эга шинам ҳолатда қуриб битказилди. Катта намозхонаси Шарқ ўймакорлик саънати билан безатилган. Масжид туман марказига 35 км, Нукус шаҳрига эса 55 км оралиқда жойлашган.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикасида масжидлар сони 57 га етди. «Атажан хўжа» масжидининг очилиш маросимига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов, Қанликўл тумани ҳокими А.Ибрагимов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири С.Мамбетқадиров, туман нуронийлари ва «Қос жап» овули аҳолиси иштирок этди.