Қонун устуворлиги кафолати
Дунё давлатлари халқлари эъзозлайдиган, амал қиладиган ва ҳар йили унинг қабул қилинганини севиниб нишонлайдиган байрамлардан бири бу – Конституция кунидир. Чунки Конституция ҳар бир миллатнинг миллат сифатида ўзининг давлатига эга эканини билдирувчи асосий тимсолларидан бири саналади.
Миллатимиз даҳоси, аждодларимиз қолдирган буюк маънавий мерос, муқаддас динимиз таълимоти, халқимиз донишманлигига таянган ҳолда қабул қилинганига 30 йил тўлаётган Бош қомусимиз ҳам Ватанимиздаги барқарор тараққиёт, тинчлик ва хотиржамлик, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, қонун устуворлиги ва бошқа эзгуликларга йўл кўрсатувчи маёқ вазифасини бажариб келмоқда.
Лотин тилидаги constitutio – тузилиш, тузукдан ҳосил қилинган конституция –давлатнинг асосий қонуни. Шу боисдан уни ҳар бир миллат ўзининг тилида ардоқли сўзлар билан атайди. Масалан, биз “Бош қомусимиз”, деймиз ва катта ҳарф билан бошлаб ёзамиз, турклар “anayasa”, араблар “низом ал-асос” ёки “дастур” дейди…
Аслида Конституция қадим замонлардан бошлаб ўз давлатчилиги тарихига эга бўлган халқлар учун янгилик эмас. Конституция моҳиятан давлат тузилиши, ҳокимият ва бошқарув органлари тизими, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, суд тизимини белгилаб беради ҳамда барча қонунларнинг асоси ҳисобланади. Ҳарҳолда шундай бўлиши керак.
Бош қомус ана шу моҳият эътибори билан “Ўғузнома”, “Ҳибатул-ҳақойиқ”, “Темур тузуклари” ва шу каби сиёсий адабиётларнинг тадрижи эмасми. Ушбу асарлар шариат қонунлари билан бир қаторда Марказий Осиё халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституцияси жаҳон андозаларига мос, халқаро талабларга жавоб берадиган бўлиш билан бирга халқимизнинг аксари мусулмонлар экани ва уларнинг диний расм-русумларга, фиқҳий аҳкомларга сидқидилдан риоя этишлари инобатга олиниб, Ислом фиқҳида мўътабар манбалардан бири бўлган «Ҳидоя» асаридан ҳам маълумотлар ўрганилиб, Конституциямиз таркибидаги қонун ва ҳуқуқлар жамланмасида ўз аксини топди.
Дарҳақиқат, Бош қомусимиз халқимиз даҳоси яратган азалий қадриятлар, миллий анъаналаримиз, миллатимиз менталитетига хос тарзда ёзилиш баробарида жаҳон конституциявий тажрибасининг энг прогрессив жиҳатлари олинган ҳолда ёзилди. Конституция лойиҳаси халқимиз муҳокамаси билан бир вақтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотлар; АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби демократик давлатлар мутахассисларининг синчков экспертизасидан ўтди.
Ана шундай босқичлардан ўтиб, ҳар жиҳатдан пишиқ ва пухта ёзилган Бош қомусимиз, мана ўттиз йилдирки, давлатимиз равнақи, халқимизнинг тинч, фаровон ҳаёт кечиришининг қонуний асослари вазифасини ўтаб келмоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ