Бу йил россиялик коррупционерлардан мусодара қилинган маблағлар улар келтирган зарари миқдоридан ҳам кўп бўлди
Россияда коррупционерлардан мусодара қилинган ёки ҳибсга олинган мол-мулклари баҳоси илк бор уларнинг давлатга келтирган зарари миқдоридан ҳам ошди. Мамлакат бош прокурори Игорь Краснов РИА Новостига берган интервьюсида шу ҳақда сўзлаб берди.
«Сўнгги йилларда биринчи бор тергов органлари томонидан жиноий ишлар бўйича ҳибсга олинган ва мусодара қилинган мол-мулклар қиймати, шу йилнинг тўққиз ойи давомида (53,8 миллиард рубль) коррупционерлар келтирган зарар миқдоридан (53,2 миллиард рубль) ошди», — деди Краснов. Унинг изоҳ беришича, мол-мулкни ҳибсга олиш нафақат келтирилган зарарга қараб, балки жазони ижро этиш, яъни жарима кўринишида ҳам амалга оширилади.
Умуман, россиялик коррупционерлардан суд орқали тортиб олинган маблағлар йил бошидан буён олти маротаба ўсган ва жами 727 миллион рублни ташкил этган. Бундан ташқари, бош прокуратура берган маълумотга кўра, яна 15 миллиард рубль ихтиёрий равишда давлатга топширилган.
Бундан аввал Россия ички ишлар вазирлигининг иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи полиция генерал-лейтенанти Андрей Курносенко 2021 йилда Россия бўйича 2,5 мингдан ортиқ пора олиш ҳолати қайд этилганини маълум қилган эди. Унинг айтишича, шулардан 768 таси йирик ва жуда йирик миқдордаги пора бўлган.