Замбияда Ислом
Замбия республикаси Жанубий Африкада жойлашган. Мамлакат ери асосан текислик ва ясситоғликлардан иборат. Денгизга чиқа олмайди, аммо тропик иқлимга эга ўлка.
Шиори – Битта Замбия, битта миллат. Мамлакатда кейинги вақтларда Исломнинг тарафдорлари кўпайган бўлса ҳам насронийлик асосий дин ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг нуфуси 18 миллион атрофида. Улардан 250-300 мингдан ортиғи мусулмонлардир. Бу ўлкадаги мусулмонларнинг аксари Замбия, Ҳиндистон ва Покистон инглиз мустамлакаси бўлган даврда Шимолий Ҳиндистон ва Покистондан Замбияга олиб борилган маҳкумларнинг авлодлари бўлиб, улар аҳли сунна вал-жамоатнинг ҳанафийлик ва шофеъийлик мазҳабларига амал қиладилар.
ХХ юзйилликнинг иккинчи ярмида Исломга эътиқод қилувчи кўплаб муҳожирлар ушбу мамлакатга Сомали ва Кениядан иш ахтариб кириб келган. Гарчи, сўнгги ўн йилликлардаги характерли ҳодисалардан энг эътиборлиси – қишлоқ аҳолисининг энг камбағал қатламлари орасида Ислом динининг машҳурлиги ҳисобланса-да, мусулмонларнинг асосий қисми шаҳарларда истиқомат қилади.
Замбия пойтахти Лусака мусулмонлари ҳар йили рамазон ойи муносабати билан хайрия тадбирларини ўтказади. Мусулмон жамоалари хайрияларини мактабларга, шифохоналарга, меҳрибонлик уйларига ва турмаларга тарқатадилар.
Мамлакатдаги Ислом кенгаши вакили шайх Шабан Пхирининг хабар қилишича, мусулмонларнинг хайру эҳсонлари мутлақо ихтиёрий характерга эга ва улар харид қилган озиқ-овқат маҳсулотлари диний эътиқодидан қатъи назар муҳтожларнинг ҳаммасига тарқатилади. Шунингдек, Пхири айтадики, рамазон ойида ўтказиладиган хайрия кампанияларида мусулмон жамоалари ичимлик суви танқислигидан азият чекаётган ҳудудлар аҳолиси учун қудуқлар қазиб сув ҳам чиқариб беради. Мактаб шифохона, меҳрибонлик уйлари ва турмаларга ўтказиладиган хайрия акциялари нафақат пойтахт Лусакада, балки мусулмонлар истиқомат қиладиган бошқа ҳудудларда ҳам кўтаринки руҳда ўтади.
– Ислом – тинчлик дини. Шу боисдан бу динга эътиқод қилувчилар ҳам тинчликпарвар инсонлардир,– дейди Замбияда бўлиб ўтган “Ислом ”ОИТС эпидемиясига қарши курашиш воситаси сифатида” мавзуидаги анжуман иштирокчиси бўлган угандалик мусулмон воиз Бадру Кисалита.
Мамлакат мусулмонлари ҳаётини Замбия Ислом кенгаши мувофиқлаштириб боради. Мазкур ташкилот ўтказган тадқиқотлар хулосасига кўра, кейинги йилларда Замбияда мусулмонлар сонининг ортиши маҳаллий аҳоли вақилларининг Исломни танлашлари ҳисобига янада жадаллашиб бормоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.