БИЗ УЧУН БАЙРАМ БУ…
Ҳар ойнинг бошида маҳалла идораси бўлмиш музейнинг ярим хароба биноси олдида қари-қартанг уймалашиб қолади – нафақа. Аксари чоллар оларини олади-да катта йўлдан нарига йўл солади. У ёқда сомсахоналар бор. Арағи билан, албатта. Боришади-ю алла-паллада анқиб-алжираб чиқишади. Қарисининг аҳвол шу бўлгач, ёшларидан нимани кутасан…
Яқинда совуқ хабар эшитдим. Қишлоғимиздаги ёш бир йигитча ўзини осиб қўйибди. Сабабини билмадик. Билганимиз… оилавий шаробхўрликка мукка тушганлардан экан. Маъракасига имомимиз борибди, бироқ жанозасини ўқимабди. Қайтанга шунда тўпланмиш қавмга қаттиқ-қаттиқ гапирибди. “Камроқ арақ ичиб, кўпроқ болаларингни тарбияси билан шуғулланинглар!” дебди-ю кетиворибди…
Ҳадемай яна байрамлар келаверади. Яна қоғозлардагина “обод” кўчаларимизда ширакайф шукуҳ ғўлдираганча санқийди: “Қиқ… қани… биб… байрам учун… ҳқ-қ… олдик!” Газагига шўрбодринг аралаш шўрпешаналарида қолган лойқа хотираларини чайнашади: қайси бири кимни ўласи қилиб урганидан келса, қайси бири қаердан нима ўғрилаб сотганидан олади гапни… Шўрлик ватан, деб юборасан туриб-туриб. Нечта текинхўрга ем бўлиб ётибди…
Янги йил яқинлашганда ижтимоий тармоқларимизни казо-казо “уламо” нинг баҳси босди: милодий йил янгиланишини нишонлаш биз учун гуноҳми, мубоҳ?!
Бири оят келтирган, бири ҳадис, бири хориж билгичларининг фикридан… Тавба-тавба, эй аҳли уламо, ким учун тортишяпсиз? Муқаддас китобларни бир муддатга ёпинг-да, интернетдан бош кўтариб, кўча-кўйга, бозору дўконларга… ақалли, деразадан ташқарига қаранг: кимларни кўряпсиз?! Бирови оғир карвон ойлик-маошини тобора сакраб бораётган нархларга етказолмай асабий. Бирови қовоғи солиқ, осмонга қараб-қараб, ҳали ғамлаб қўйилмаган ўтинни ўйлаяпти. Бирови қарзга бота-бота, бор-будини сота-сота ўқитган ўғлини ишга жойлай олмай ҳалак… Сизнинг-ча, улар бу мунозараларга муҳтожми? Ваъз-насиҳат кор қилгулик ҳоллари бормикан ўзи?!
Аслида-ку, Яратганнинг соғ-омонликда кўрсатган ҳар бири куни – тортиқ. Уни солиҳ амаллару яхши ниятларда ўтказганга – байрам. Билъакс, ножўя қилғилиқлару бадгумонликларда ўтказганга – баҳона. Ҳарнечук, 2022-милодий йилга ҳам ҳатлаш арафасидамиз. Ўзи хайрли қилсин, деб тугатгим келяпти-ку, хайр-баракотга арзиш ҳам керак. Шундай экан, ўзи арзирли қилсин, деймиз. Ишларимизни, ниятларимизни, тутумларимизни, тушунчаларимизни… арзирли қилсин!..
***
Хуфтон палла. Кўча ўртасида уч киши оҳиста уйга қайтаяпмиз: ўнгда чопонга ўранган отам, сўлда нимчаси киссаларига қўл суққан мен, ўртада велосипедини етаклаган жигаримиз – Бобур (амакимнинг ўғли).
– …Байрамларди бир тарафини яхши кўраман, бир тарафини ёмон кўраман, бува (биз тарафларда отанинг акасини “бува” дейди), – дейди Бобур, хиёл оғриниб.
– Иҳи?.. – ҳамоҳанг хитоблайди отам.
– Яхши тарафии қариндош-уруғ бир-бириникига ўтади, йўқлайди, хабар олади… Силаи раҳм бўлади, қисқаси.
– Шундай, – маъқуллаб томоқ қиради, отам.
– А-а, ёмон тарафи-и-и… шайтонгаям байрам қип берамиз-да шу куни. Ки-имдикига борма, дастурхонда туради, ановидан.
– Ҳм-м… Бу шайтон учунам байрам, тўғри, – хўрсинади отам.
– Шунинг учунам юрагим бўма-ай бораман, байрамларда бировди уйига, – дея-дея Бобур бир сакраб велосипедига миндию қисқагина хайрлашиб, қоронғиликка сингиб кетди.
Отам икков оёқ қоқиб, томоқ қирган кўйи уйга кирарканмиз, ўйларим ўрмалай бошлади, ичимда. Умуман байрам дегани биз – ўзбеклар учун нима дегани ўзи? Аччиқ бўлсаям айтаман айтаримни: байрам биз учун – чўчқадай ейиш, ўлгудек ютоқиб ичиш ва маймундай томоша кўрсатиш дегани!..
Шербек БОБОНОР ўғли