ОАВ: Россияда ёшлар сони бир йилда қарийб ярим миллионга камайган
2020 йил сентябрдан то 2021 йил сентябргача Россияда 460,5 минг ёш ишчилар камайган, деб ёзмоқда РБК нашри FinExpertiza компаниясининг Росстат маълумотлари бўйича ўтказган тадқиқотларига таяниб.
“Ушбу давр мобайнида ёшлардан ташқари, ёши 70 дан ўтган аҳоли орасида ҳам камайиш кузатилган. (Лекин уларнинг кўрсаткичи унчалик сезиларли эмас – атиги 24 минг киши)”, – деб ёзмоқда мазкур нашр.
Тадқиқотларга кўра, Россияда ёш ишчилар гуруҳига 20 дан 29 ёшгача бўлган кишилар киради. Уларнинг камайиш тенденцияси 2010 йиллардан бошланган эди. Сўнгги 11 йилда ишлаётган ёшлар сони олти миллион кишига камайган. Экспертлар мазкур тенденциянинг пайдо бўлишига 90 йиллардаги демографик бўшлиқ, пандемия туфайли хизмат соҳасидаги муаммолар, иш берувчиларнинг ёш мутахассисларга ишонмаслик одати ва олий ўқув юртларидаги ўқишни сабаб қилиб кўрсатишган.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу салбий тренд тахминан 2035 йилгача давом этади.