Бир ҳадис учун…
Энг кўп ҳадис ривоят қилган етти саҳобадан бири бўлган Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ҳикоя қилади:
Саҳобалардан бирининг Пайғамбар алайҳиссаломдан қасос мавзусида бир ҳадис эшитганини ўргандим. Фақат у ҳадисни мен шахсан Пайғамбаримиздан эшитмаган эдим. Расули акромдан ўша ҳадисни эшитган саҳобанинг Шомда яшаётганининг хабарини олдим ва ушбу ҳадисни унинг ўз оғзидан эшитишга қарор қилдим.
Шу мақсадда бир туя сотиб олдим. Устига эгарини уриб, миндим-да йўлга тушдим. Бир ой йўл босиб Шомга етиб бордим. Ўша саҳобанинг оти Абдуллоҳ ибн Унайс экан. Уйига бордим, хизматкорига:
– Хўжайинингга Жобирнинг келганини хабар қил, – дедим.
Абдуллоҳ ибн Унайс ичкаридан:
– Абдуллоҳнинг ўғли Жобирми? – деб овоз берди.
– Ҳа, ўша, – дедим.
Кийимини чала-чулпа кийиб ташқарига отилиб чиқди ва мени бағрига босди, мен ҳам уни қучоқладим. Ортидан ҳеч вақтни йўқотмаслик учун бундай дедим:
– Қасос мавзусида Расули акромдан бир ҳадис эшитганингизнинг хабарини олдим. Менинг шахсан ўзим Расули акромдан эшитмаганим ҳадисни сизнинг оғзингиздан эшитмасимдан туриб иккаламиздан биримизга ўлим келиб қолишидан жуда ҳам қўрқдим.
Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Унайс шуларни сўзлади:
– Аллоҳнинг Расулининг бундай деганларини эшитдим: “”Қиёмат кунида инсонлар яланғоч, суннатсиз ва юклари бўлмаган ҳолда бир жойга тўпланадилар”.
Биз буни эшитиб,
– Ё Аллоҳнинг Расули! “Юклари бўлмаган”, дейилганда нима назарда тутилади? – деб сўрадик.
– Ёнларида ҳеч бир нарсаси бўлмаган ҳолда, – дедилар ва сўзларида давом этдилар, – сўнгра Аллоҳ таоло узоқ-яқиндаги ҳар кимга аниқ эшитиладиган оҳангда “Кўринган ва кўринмайдиган оламларнинг соҳиби Менман. Мутлақ куч соҳиби ва ҳисобга тортувчи Менман. Агар дўзахийлардан бирининг жаннатийлардан бирида ҳақи бўлса, Мен у ҳақни жаннатийдан олиб бермагунимча у жаҳаннамга кирмайди. Агар жаннатийлардан бирининг юзига урилган бир шапалоқ бўлса-ю, дўзахийда бир ҳақи бўлса, Мен у ҳақни дўзахийдан олиб бермагунимча жаннатга кира олмайди”, дейди.
Шунда биз:
– Аллоҳ таолонинг ҳузурига яланғоч ва суннатсиз чиқадиган бўлсак, бу олиб бериш иши қандай бўлади, ё Расулуллоҳ? – дедик.
Пайғамбар алайҳиссалом:
– Яхшилик ва ёмонликлардан бирининг олиниб бошқасига берилиши билан бўлади, – дедилар ва ортидан мана бу оятни ўқидилар: “(Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жон (эгаси)га қилган амалларига яраша нарса (мукофот ёки жазо) берилур ва уларга адолатсизлик қилинмас” (Бақара, 281) оятини ўқидилар[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, III, 495; Бухорий, ал-Адаб ул-муфрад (ношир. Муҳаммад Насируддин ал-Албоний), Байрут, 1421/2000, 348, 970-рақам; Ҳоким, ал-Мустадриқ (Ато), II, 475, IV, 618; Албоний, Саҳиҳ ут-тарғиб ват-тарҳиб, III, 427-428