Минтақа. ВЬЕТНАМДА ИСЛОМ
Бу юртда Ислом биринчи галда австронез озчилик бўлган чам халқининг дини саналади. Бироқ Ветнамдаги мусулмонларнинг учдан бир қисми бошқа этник гуруҳларга мансуб. Жануби-ғарбий Чау Док минтақасидаги шаҳар-қишлоқларда Ислом динига эътиқод қилувчи чамлар ёки мусулмон чамлар номи билан ҳам танилган, ўзларини аралаш этник (чам, кхмер, малай, минганг, вьетнам, хитой ва араблар) деб атайдиган жамоа ҳам мавжуд.
Тарих
Учинчи халифа Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу биринчи расмий элчиларини 650 йил Вьетнам ва Хитойнинг Тан сулоласига юборган. Ислом тарихидан мусулмон денгиз савдогарлари Хитойга кетаётганда Чампа қироллиги портларида тўхтагани ҳам маълум. Тан сулоласи қулаганидан кейин аббосийлар Аннамада вьетнамликлар билан савдо ишларини давом эттирганлар, кейинчалик Дạи Виат қироллиги билан ҳам тижорий алоқалар ўрнатишган. Бироқ Ислом дини кириб келганининг энг дастлабки ашёвий далиллари Хитойнинг Сун сулоласидан олинган ҳужжатлар бўлиб, унда Чам Ислом дини билан X юзйиллик охири XI аср бошларида танишгани айтилган. 1471 йилда Чампа қироллиги қулагандан кейин Малакка султонлиги билан алоқалар кенгайиб бориши туфайли Исломга эътиқод қилувчилар сони кўпая бошлади. Аммо Ислом Чампада XVII аср ўрталарига қадар кенг тарқалмади.
У даврда Вьетнамни ишғол қилган мўғул лашкарбошиларнинг кўплари мусулмон эди. Жумладан, Вьетнамга кириб борган мўғул қўшинларининг асосий қисмига бошчилик қилган Умар Наср ад-Диннинг аскарларининг аксари форслар ва турклар эди.
XIX ўрталарида кўплаб мусулмон чамлар Камбожадан муҳожир бўлиб келиб, Меконг дельтаси ҳудудларига ўрнашди. Бу ҳам Вьетнам мусулмонлари сони ортишига хизмат қилди. ХХ юзйилликда чам мусулмонларига малайзияликларнинг таъсири катта бўлди. Малайзиядан бу ерга диний адабиётлар келтирилди ва имом-домлалар масжидларда хутба олдидан малай тилида амри маъруфлар қилдилар. Натижада кўплаб чамлар Исломни пухтароқ ўрганиш учун малай мадрасаларига ўқишга кирдилар. Шунинг билан бирга, Меконг дельтасига малай мусулмон оилалари ҳам кўчиб келдилар.
1832 йилда Ветнам императори Мин Манг Чампа қироллигини ўз давлатига қўшиб олди. Ўшанда бошлаб бу ерда мусулмонлар кучли таъқиб ва тазйиқ остида қолдилар. 1976 йилда Вьетнам социалистик республика деб эълон қилинганида сўнг эса 55 000 чам мусулмонларнинг аксари Малайзияга кўчиб ўтди. 1750 муҳожирга Яман давлати бошпана берди. Қолганлар эса қатъий кузатувлар остида ҳаёт кечирди, масжидлари давлат томонидан ёпиб ташланди. Ниҳоят 1981 йилда хорижлик мусулмон меҳмонларга маҳаллий мусулмонлар билан учрашишга ва улар билан бирга ибодат қилишга рухсат берилди. 1985 йилдаги ҳисоботларда Хошимин шаҳрида индонезияликлар, малайзияликлар, бангладешликлар, умонликлар, яманликлар ва африкаликлар ҳамда маҳаллий аҳоли вакилларини қўшиб ҳисоблаганда 10 000 мусулмон бўлган.
Ветнамда 2006 йилда Суан Лук шаҳрида қурилиши қисман Саудия Арабистони ва БАА хайриялари ҳисобидан молиялаштирилган катта масжид очилди. Ушбу мамлакатдаги энг йирик масжид эса Анжанг вилоятидаги “Қаҳраманлар Раҳмат” масжидидир. У 2017 йил Туркия давлати ҳисобидан қуриб битказилди.
Расмий вакиллик
Хошимин шаҳри мусулмонлари вакиллиги қўмитасига 1991 йил асос солинди. 2004 йилда эса Аньцзян провинциясида еттита аъзодан иборат худди шунга ўхшаган ташкилот тузилди.
Маданий эътироф
Вьетнам мусулмонлари жамоаси, гарчанд, аҳолининг атиги бир фоизини ташкил этса-да, вьетнам халқи улар билан жуда ҳам яхши муносабатдадир. Шуниси эътиборга лойиқки, ибодат жойлари қаерда бўлишидан қатъи назар, осонгина топилади. Хошимин шаҳридаги мусулмонлар гавжум яшайдиган жойларда бешта йирик масжид фаолият кўрсатмоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.