Конго демократик республикасида Ислом
Конго демократик республикаси Марказий Африкадаги давлат. Франция мустамлакаси бўлган Конго 1960 йилнинг 30 июнида мустақилликни қўлга киритди ва Конго республикаси бўлди. 1964 йилнинг августидан мамлакат Конго демократик республикаси деб атала бошланди. 1971 йилнинг октябридан 1997 йилнинг май ойигача ушбу давлат Зоир республикаси деган ном билан аталди. Кейин яна эски номига қайтиб, Конго демократик республикаси номини олди.
Конгонинг этник таркиби
Конго ҳудудида 200 та этник гуруҳ истиқомат қилади. Уларнинг энг кўп сонлилари – банту, луба, лунда, монго, занде ва бошқалар. Конгонинг давлат тили – француз, конго, лингала тилларидир.
Дин ва диний институтлар
Конгодаги диний конфессияларнинг энг кўпи католиклар, иккинчи ўринда протестантлар, кейин мусулмонлар, ундан кейин эса турли африканча эътиқодлар ўрин олган.
Конгодаги энг тез кўпаяётган диний жамоалар – мусулмонлардир. Ислом мамлакатнинг шарқи ва шимоли-шарқидаги анъанавий таъсир жойларидан бутун ҳудуди бўйлаб тарқалди. Конгога Ислом IX асрда Шарқий Африка ва Занзибаридан келган қулжаллоблар ва фил суяги савдоси билан шуғулланадиган араб-суахил савдогарлари орқали кириб келган. Ундан кейинги даврда эса XIX юзйилликда Шимолий Африкадан келган мусулмонлар ҳисобига кўпайган. Мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 2 фоизини ташкил қилади. Мусулмонларнинг асосий қисми меҳнат муҳожирларидир. Уларнинг аксари Конгога Ғарбий Африка ва Шимолий Африка, шунингдек, Ливандан келишган. Ғарбий Африка муҳожирлари Мали, Бенина, Того, Мавритании ва сенегалликлардир. Чад ва ливанликлар суннийлардир. Бу ерда мусулмонларнинг байрамлари давлат миқёсида нишонланмайди. Лекин бундай байрам кунларида мусулмонларга таътил берилади.
Конго миллий ислом кенгаши ҳисоботида таъкидланишича, мамлакатда бир миллион уч юз мингдан ортиқ мусулмон яшайди. Улар асосан мамлакатнинг шарқий ва шимоли-шарқий қисмларида истиқомат қиладилар.
Ислом дини мамлакатда ҳали ҳам расман тан олинмаган. Мусулмонларнинг ҳозирги кўплаб муаммолари, асосан, мамлакатда Франция ҳукмронлиги даврининг охирги даврига қадар диний маросимларни бажариш тақиқлангани билан боғлиқ. Масжидлар, мактаблар, диний адабиётлар, ҳатто Қуръон нусхалари ҳам ўта камёбдир.
Ислом етакчиларининг таъкидлашича, Конгода мусулмон мактаблари жуда кам. Бунинг сабаби маблағ танқислигидандир. Натижада аксар мусулмонлар болаларини жилла қурса, саводи чиқсин, деган ниятда насронийлик кўрсатмаларига амал қилиниши мажбурий бўлган насроний мактабларига беришга мажбур бўлмоқдалар.
Кўплаб мусулмон ўқувчилар, айниқса, камбағал оилалар фарзандлари бошланғич синфни битирганидан сўнг мактабни ташлайди. Конголик мусулмон олимлари Ислом олами, хусусан, араб давлатларидан ёрдам сўрамоқда, кўпинча уларга ёрдам кўрсатилади. Одатда улар мусулмон жамиятининг савиясини юксалтириш учун исломий мактаблар қуриш, стипендия таъсис этиш борасида моддий ва маънвий кўмак сўрайдилар.
Конга мусулмонлари ҳатто давлат органлари тизимида ўзларининг вакилига эга эмас. Парламент депутатларининг ҳам жуда оз қисми мусулмонлардир.
Миллий ислом кенгашининг собиқ раиси Модело Малибанинг таъкидлашича, Конгода воизларга, ўқитувчиларга ва диний ишлар ҳамда ибодатларда ўрнак бўла оладиган одамларга кучли эҳтиёж бор. Конго мусулмонлари ўзларининг шифохоналарига, соғломлаштириш марказларига, университетларига, сифатли умумтаълим мактабларига эга эмас. Шунингдек, мамлакат мусулмонлари ва хорижлик мусулмонлар ҳаётини ёритадиган, тингловчилар ва томошабинларнинг илмининг бойишига муносиб ҳисса қўшадиган телекўрсатувлар ва раидоэшиттиришлар ҳам ниҳоятда кам.
Бу фикрни мамлакатнинг бошқа мусулмон етакчилари ҳам тасдиқлайди. Медиа-ресурлар мусулмонларнинг ўзларини намоён қилишларига ва бошқаларга Исломнинг ҳақиқий моҳиятини тушунтириб беришга ҳисса қўшади.
Кейинги йилларда Конгода мусулмон маданиятининг тикланаётгани ва маҳаллий аҳоли баъзи ҳудудларда оммавий равишда Исломга кираётгани кузатилмоқда.
“Мусулмон ўз хулқу атвори билан бошқаларга ўрнак бўлса, кўпчилик унга эргашади. Мўминлик сифати унинг ҳурматини орттиради”, дейди Модело Малиба.
Дарҳақиқат, Конго мусулмонлари сабр-тоқати, мулойим табиати ва ўта меҳнатсеварлиги билан бошқаларнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб, ён-атрофдагиларда муқаддас Ислом динига қизиқиш уйғотиб келмоқда. Шунинг ҳисобига маҳаллий аҳоли вакиллари жадаллик билан Исломга киришда давом этмоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.