Бангладешда Ислом ва Рамазон рўзаси
Бангладеш – аҳолисининг кўпчилиги мусулмонлардан иборат бўлган юрт, Ислом – Бангладеш халқ республикасининг давлат дини. Мусулмон аҳоли сони 152 миллиондан ошиқ, бу умумий аҳолининг 92 фоизини ташкил қилади, демакдир. Шунинг билан бирга, ушбу рақам Бангладешни Индонезия ва Покистондан кейин мусулмон аҳоли кўплиги жиҳатидан учинчи ўринда эканини ҳам кўрсатади.
Бангладешликларнинг аксари суннийлар бўлиб, улар ҳанафийлик мазҳаби, мотуридийлик ақидасига амал қиладилар. Дин ҳар доим Бангладеш халқининг ўзига хослигининг кучли жиҳати бўлган, аммо вақт ўтиши билан ўзига хослик тамойиллари ҳам бироз ўзгаришга учраган. Бангладеш аксари мусулмон аҳоли бўлган давлатлар орасида унчалик кўп бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар сирасига киради.
Исломни Бангладешга Бенгал кўрфази бўйлаб қатнаган араб савдогарлари олиб келган. Туркий ҳукмдор Муҳаммад ибн Бахтиёр Халжий (1204-1206) фатҳи ва Деҳли султонлигига асос солинганидан кейин мусулмон даъватчилар Бенгалияда Исломни кенг ёйиш борасида катта мувафаққиятларга эришдилар. XII юзйилликда Бангладеш султони Шоҳ Жалол Исломни Бенгалия минтақасининг шимоли-шарқига ва Ассамга ёйишга эришди. Шамсуддин Илёсшоҳ (1342-1358) туғлоқлар сулоласи ҳукмронлигидан мустақил бўлганидан кейин дунёдаги йирик савдо давлати бўлган Ислом Бангладеш султонлигига асос солди. Кейинчалик Бенгалия ҳудудлари Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан фатҳ қилинди.
XVII асрда Бобурийлар сулоласи ҳукмдори Аврангзеб Ислом шариати асосида бошқарилган Бенгал денгиз ости, шунингдек, “Миллат жаннати” номи билан машҳур бўлган ва дунё ялпи ишлаб чиқариш маҳсулотининг 12 фозини ташкил қилган ҳамда ундан Голландиянинг Ост-Индия компанияси мислсиз даромад кўрган дунёдаги етакчи ишлаб чиқариш тизимини жорий қилди. Фатавои Оламгирийга асосланган ҳолда шаклланган ислом иқтисодиёти Бангладеш иқтисодиётини юксалтирди ва унинг саноатлашувига асос солди.
1300 йилларнинг ўрталарида асли ироқлик бўлган ҳарбий саркарда ва сухравардия тариқати дарвешларидан бўлган Саййид Шоҳ Носир ал-Дин Бангладешга Исломни ёйиш учун борди ва бу борада анча-мунча ютуққа эришди. Бироқ араб мусулмонлари ушбу ҳудуднинг фатҳ этилишидан кўп йиллар бурун бу жойларнинг асосан денгиз бўйларидаги туманларнинг аҳолиси билан Читтагон портига тушган савдогарлар сифатида тижорий ҳамда диний алоқаларни йўлга қўйган эди. Мусулмонларнинг Ҳинд дельтаси устидан ҳукмронликни қўлларида маҳкам ушлаб турганлари боис араблар денгизда эркин ҳаракатланар эди. Мусулмонларнинг фаолияти бутун Жанубий Осиё қирғоқларини, жумладан, Бенгал кўрфазини ҳам қамраб олганди.
Ислом дини ушбу минтақага турли йўллар билан кириб келган: мусулмон савдогарлар, туркийлар истилоси ва мусулмон дарвешларнинг тарғиб ва ташвиқотлари… Бу минтақада ҳақиқатан араб савдогарлари бўлганини тасдиқловчи далиллардан бири – Бенгал кўрфазидаги Сандвип яқинида жойлашган Мегна дарёси бўйидан топилган араб географларининг ёзувларидир. Ушбу ҳужжатлар шундан гувоҳлик берадики, Бенгалия кўрфазига араб савдогарлари туркийлар истилосидан кўп йиллар аввал келган.
Жанубий Осиёдаги энг қадимги масжид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам боқий дунёга кўчганларидан кейин кўп ўтмай Лалмонирҳатда қурилган масжид бўлиши мумкин.
Дунёдаги пойтахтида мусулмон аҳоли энг зич жойлашган Бангладеш давлати мусулмонларининг ҳар бири муборак рамазон ойини мунсоиб тарзда тоат-ибодат билан ўтказмоқда
Пойтахт Дакка шаҳрининг бош масжиди Байтул мукаррам ва мамлакатдаги бошқа катта-кичик масжидларнинг имом-домлалари таровеҳ намозидан сўнг тингловчиларга динимиз асослари ва Пайғамбаримиз суннатларидан дарслар ўтиб бормоқдалар. Бу ерда ҳам анъанага биноан тарвоеҳ намозларида Қуръони карим тўла хатм қилинади.
Бир юз олтмиш миллионга яқин аҳоли яшайдиган кичкина давлатда 250 мингдан ортиқ масжид бор. Улардан олти мингтаси пойтахт Даккада жойлашган. Қизиғи шундаки, давлат имом домлаларга ҳеч қандай моддий ёрдам кўрсатмайди ва муқаддас жойларни таъмирлашга маблағ ажратмайди. Уларнинг ҳаммаси аҳолининг хайру эҳсонлари ҳисобидан қопланади.
Худди бошқаларга ўхшаб бангладешликлар ҳам хушхўр таомларни ёқтиради. Шунингдек, рамазон ойининг ифторларида ҳам дастурхонига мазали таомлар тортилади. Дакка марказий масжиди яқинида машҳур Чавкбазар жойлашган бўлиб, у ерда оила даврасида бемалол кечки овқат учун керакли масаллиқлар харид қилиш ёки куннинг сўнгги нурлари томлар ортида бекинганидан сўнг сифатли егуликлар топиш мумкин.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.