Пулларни нима қилдилар?
Ҳазрати Умарнинг хазинабони Малик ад-Дор ҳикоя қилади:
Бир куни ҳазрати Умар бир ҳамёнга 400 динор солди ва хизматкорига: “Буни Абу Убайда ибн Жарроҳга олиб бор. Унинг бу пулларни нима қилганини кўрмоқ учун бирор баҳона топиб ўша атрофда бироз айланиб юр”, деди. Хизматкор 400 динорни Абу Убайда ибн Жарроҳга олиб борди ва :
– Буни сизга мўминларнинг амири юборди ва шахсий эҳтиёжингиз учун сарфлашингни айтди, – деди.
Абу Убайда ибн Жарроҳ:
– Аллоҳ ишига барака берсин ва унга марҳамат қилсин, – деб ҳамённи олди.
Сўнгра жориясини чақирди ва: “Мана бу етти динорни фалонга олиб бор, бу беш динорни фалонга олиб бор”. деявериб пулларнинг ҳаммасини тарқатди.
Ҳазрати Умарнинг хизматкори қайтиб келиб кўрганларни гапириб берди. Ҳазрати Умар яна бир ҳамёнга 400 динор солди-да хизматкорига: “Буни Муоз ибн Жабалга олиб бор. Унинг бу пулларни нимага ишлатганидан хабардор бўлмоқ учун ўша атрофда бироз айланиб юр”, деди.
Хизматкор ҳамённи Муоз ибн Жабалга олиб борди ва:
– Буни сизга мўминларнинг амири юборди ва шахсий эҳтиёжингиз учун сарфлашингизни айтди, – деди.
Муоз ибн Жабал:
– Аллоҳ унга марҳамат қилсин ва ишларига барака берсин, – деб ҳамённи қўлига олди. Сўнг жориясини чақирди ва: “Шуларни фалончининг уйига олиб бор, буларни писмадончининг уйига олиб бор”, деявериб пулларни тарқатиб юборди. Ҳамёнда икки динор қолган эди. Муоз уни аёлига берди. Хизматкор ортига қайтиб бориб, кўрганларни халифага сўзлаб берди. Буни эшитган Умар жуда ҳам хурсанд бўлди ва бундай деди:
“Улар бир-бирларининг биродарларидир, биттаси нима бўлса, униси ҳам шудир”[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Абдуллоҳ ибн Муборак, аз-Зуҳд (Аъзам), 175-176; Табароний, ал-Муъжам ул-кабир (Салафий), XX, 33-34; Заҳабий, Сияри аъламийн-нубало (Арнаут), I, 456