Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди…
.
Кийим – инсон зийнати. У киши маънавияти, маданияти, диди ва дунёқарашининг ёрқин кўзгусидир. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эй одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси бу яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!» (Аъроф сураси, 26-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини “нозил қилдик” деган жумла билан эслатиб, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурати киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади.
Аллоҳ таоло кийиниш тўғрисида Аъроф сурасининг 31-оятида қуйидагича марҳамат қилади: «Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг». Яъни, “Кийимингизни кийинг, авратларингизни тўсинг”.
Эркак кишининг аврати киндиги остидан то икки тиззаси остигачадир. Аёлларнинг эса юзи, икки кафти (ва баъзи бир ривоятларда икки оёғининг тўпиғидан пасти)дан ташқари бутун бадани авратдир. Нур сурасининг 31-ояти бунга далил бўла олади: «…зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксилари узра тушириб олсинлар».
Ушбу ояти карималарга мувофиқ эркагу аёлга аврат жойларини тўсадиган кийим кийиш фарздир. Барча ибодатларни қандай амалга ошириш, қай миқдорда, қандай кўринишда бўлишини Аллоҳ таоло Қуръони каримда умумий тарзда баён этган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шу умумий ҳукмларни ҳадиси шарифларида тафсилотлари билан амалда қандай қўлланишини кўрсатиб, таълим берганлар.
Абу Ҳомид Ғаззолий “Қалб ажойиботлари” китобида қимматбаҳо ва ҳашаматли кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, шайтон инсонни умр бўйи олий нав ва фахрли кийимлар билан зийнатланишга чорлаб, шу йўл орқали ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади.
Шайх Шаъбий айтади: “Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар айбламайдиган кийимни кий”. Муҳаммад ибн Сирин: “Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди, сўнг уни янгилашга ўтди”, деган.
Мўминнинг кийими ҳалолдан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак. Фуқаҳоларимиз кийим борасида келган барча ҳужжат-далилларни ўрганиб чиққач, қуйидаги хулосага келганлар:
- Фарз. Бу авратни беркитадиган ва иссиқ-совуқдан ҳимоя қиладиган кийимдир. У ўта нафиси билан ўта ёмонининг ўртасида бўлиши керак.
- Мустаҳаб. Жума, икки ҳайит намозлари, тўй-маросим каби одамлар йиғиладиган жойларга чиқиш учун ҳамда Аллоҳнинг неъматини намоён қилиш мақсадида кийиладиган янги ва чиройли кийимлар.
- Мубоҳ. Бирор сабаб ва такаллуфсиз (ўзини қийнамаган, ҳаддидан ошмаган ҳолда) кийиб юриладиган чиройли кийимлар.
- Макруҳи таҳримий. Такаббурлик ва манманлик учун кийиладиган кийим.
- Ҳаром. Авратни беркитмайдиган, ипак-ҳарир (эркаклар учун) каби шариат ман қилган кийимлар.
Ҳозирда эркаклар учун ҳам турли хил ва кўринишдаги кийимлар ишлаб чиқилган. Уларнинг ҳаммаси ҳам мусулмон киши учун жоиз эмас. Баъзилари худди аёлларнинг кийими каби нафис, рангдор ва ўта жозибадор. Бундай кийимларни кийиш нафақат мўминлик, балки эркаклик табиатига ҳам тўғри келмайди. Мўмин киши мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиши, ҳам динига, ҳам табиатига мувофиқ тарзда кийиниши лозим.
Ўткир ЭШБОЕВ