Абу Мансур ал-Мотуридий – Ислом фалсафаси асосчиси
IX – X асрларда (870 – 944 йй) яшаб ўтган, калом илми соҳиби, ислом фалсафаси асосчиси, ҳидоят имоми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур ал-Мотуридий диний таълимотда турли ақидалар, оқимлар авж олаётган бир вақтда мусулмонларни тўғри йўлга бошлаган. Ушбу улуғ зот Самарқанддан чиқмай туриб, бутун ислом дунёсига танилган буюк олим саналган.
Абу Мансур ал-Мотуридий ислом оламида тўртинчи ўринда қайд этиладиган “Чоркардиза” қабристонига дафн этилган. Ушбу манзилнинг алоҳида эътирофга сазоворлиги шундаки, бу қабристон ислом дини тарғиботи, ташвиқоти, ҳимоячиси бўлган улуғ зотларининг мангу қўним топган маскандир. Дастлаб шаҳид кетган юз минг мусулмон аскар дафн этилганлиги учун ушбу қабристон “Чоркардиза” деб номланган. Афсуcки, мустабид тузум даврида ислом оламининг машҳур қабристонларидан бири йўқ қилинади. 2000 йилда Абу Мансур ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги муносабати билан бошланган хайрли ишлар натижасида у кишининг қабрлари аниқланиб, умумий тўрт гектар майдонда мажмуа барпо этилади.
Абу Мансур ал-Мотуридий қабрини аниқлаш борасида амалга оширилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида “Чокардиза” қабристонига дафн этилган улуғ алломалар қабртошлари топилган. Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатдики, бу манзилда дин йўлида хизмат қилган алломалар, улуғ зотлар, олимлар дафн этилган. Айни пайтда мавжуд мақбара ёнидаги дахма зиёратчиларнинг эътиборини тортади. Ушбу дахма ҳиротлик саййидларга тегишли дахма ҳисобланади. Амир Темур даврида улар машҳур “Чокардиза” қабристонига дафн этилишга рухсат сўраб мурожаат қилади. Уларнинг келиб чиқиш насл-насаби ҳисобга олиниб, бир дахма бунёд этилган ва ушбу авлоддан ўтганлар мазкур дахмага дафн этилган. Тадқиқотлар натижасида аниқланишича, ушбу дахмага 17 киши дафн этилган.
2000 йилда ташкил этилган Абу Мансур ал-Мотуридий мажмуаси ҳам ислом оламида алоҳида эътироф этиладиган масканлардан бири. Бироқ, мажмуага бориш йўли зиёратчилар учун ноқулай. Эски шаҳар ҳудудида бўлганлиги боис, мажмуа кўздан панада қолиб кетган. Мажмуага элтувчи йўлларда кўзга ташланадиган йўл белгилари ўрнатилса мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, мусулмон оламида Ислом фалсафаси асосчиси зиёратига келувчилар сон-саноқсиз.
,ЎзА