Ислом жадал ёйилаётган ўлка
Латвия оммавий ахборот воситалари эълон қилаётган хабарларга қараганда, мамлакатда Ислом жадаллик билан оммавийлашмоқда, аҳолининг кўп қисми мусулмон бўлмоқда. Шарҳловчиларнинг фикрича, яқин йилларда Латвия ҳам худди Европанинг аксар давлатларига ўхшаб кўплаб мусулмон жамоаларининг ватани бўлган маконлардан бирига айланади.
Статистика маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Латвияда 12 та мусулмон жамоаси рўйхатга олинган. Улар Ригадаги “Имон”, “Қуръон”, “Ислом” ташкилотлари ва бошқа шаҳарлардаги “Омина”, “Марзоний”, “Салом”, “Раййон”, “ал-Шабоб ал-Муслим” ҳамда Екабпилс, Рига шаҳри атрофидаги Видземск ва Земгальск шаҳарчалари мусулмон жамоаларидир.
Латвия университети илоҳиётшунослик факультети ўқитувчиси Валдис Тераудкалнс Латвияда мусулмонларнинг тез кўпаётганини эътироф этади. Шунинг билан бирга, бунинг ажабланадиган жойи йўқлигини, чунки жамиятда Исломнинг муносиб ўрни борлигини таъкидлайди.
Латвияда Ислом динига мойил кишиларнинг сонини аниқ айтиш ниҳоятда қийиниш, Негаки, мусулмонлар орасида маданий анъанага кўра, Исломга мансуб бўлган, яъни келиб чиқиши мусулмон бўлса-да эса уни фаол эътироф этмайдиган кимсалар ҳам йўқ эмас.
– Мамалакатда мусулмонлар сони, шубҳасиз, ортиб бормоқда. Бу бир қарашда кўзга яққол ташланмайдиган жараён. Боз устига Исломга кираётганларнинг кўплари латишлар ва руслардир. Аммо бизда ҳам бошқа кўплаб давлатлардаги каби исломофобия ҳам мавжуд ва кўпчилик унчалик таниш бўлмаган диндан қўрқади, – дейди илоҳиётшунос эксперт. – Ислом ҳақидаги салбий тасаввурлар, кўпинча у хусусда етарлича маълумотга эга бўлмаслик оқибатида ҳосил бўлади. Ҳолбуки, бирорта динда тажовузкорлик деган нарса йўқ. Ҳар бир дин кенг ёйилиш ёки жамият манфаатини ифода этиш хусусиятига эга.
Кўпинча одамлар нотўғри тасаввурга эга бўладилар ва ана шу адашиш уларни террорчиликка қўл уришига сабаб бўлиши мумкин. Борди-ю, террорчилик ҳаракатларини таҳлил қила бошласак, бу – айрим давлатларнинг ўзларидаги демократия тамойилларини бошқа мамлакатларга турли усуллар воситасида сингдиришга қаратилган миссионерлик сиёсати натижаси эканини англаб етамиз. Буларни Ироқ, Сурия, Афғонистон ва бошқа мамлакатлар мисолида кўришимиз мумкин, – дейди Валдис Тераудкалнс.
Аҳоли ўртасида, хусусан, Исломга кирган маҳаллий аҳоли ўртасида олиб борилган суриштирувлардан аён бўлишича, Латвия аҳолисидан мусулмон бўлганларнинг кўпчилиги Исломнинг покизаликка алоҳида эътибор қаратгани, ибодатларнинг мунтазамлиги ҳамда инсонни ҳар доим ҳушёрликка даъват қилгани учун танламоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.