Дубайда имом, воиз ва муаззинларга “олтин” виза берилди
Дубай ҳукумати мамлакатда 20 йилдан ортиқ ишлаган имом, воиз ва муаззинларга амирликда 10 йиллик яшаш ҳуқуқини беради.
Тегишли буйруқ Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид ол Мактум кўрсатмаси асосида валиаҳд шаҳзода ва Дубай Ижроия Кенгаши раиси Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад ол Мактум томонидан чиқарилди.
“Islam.ru” билдиришича, Исломнинг бағрикенглик ва тинч-тотув яшаш қадриятини тарқатиш бўйича саъй-ҳаракати эътирофи сифатида диний ходимларга “олтин” виза тақдим этилди. Ислом ишлари ва хайрия ишлари бошқармаси маълумотига кўра, Дубайдаги жами 2178 масжидда 475 нафар имом, 404 муаззин ва 41 нафар воиз ишлайди.
Муайян илмий ютуқларга эришган олий ўқув юртлари битирувчилари, муҳандислик ва технология соҳаларида илмий даражага, шунингдек, мамлакат олимлар кенгаши тавсиясига эга олимлар, машҳур талабаларга олтин виза расмийлаштирилади. Бунда ўрта мактаблар етакчи ўқувчилари, маҳаллий олий ўқув юртлари ёки дунёдаги 100 та энг яхши олий таълим муассасаси рўйхатига кирган олийгоҳлар битирувчилари ушбу давлатда 10 йил яшаш ҳуқуқини олади.
Бундан ташқари турли соҳада касбий тажрибага эга малакали ходимлар, маданият, санъат, спорт ва рақамли технология соҳаларида улкан ютуққа эришганлар ҳам “олтин” визага даъвогарлик қилиши мумкин.