Франция коронавируснинг еттинчи тўлқинини бошдан кечирмоқда
Францияда коронавируснинг янги, еттинчи тўлқини бошланди. Ўтган куни мамлакатда 147 мингдан ортиқ бемор аниқланди.
Бу аввалги ҳафта билан таққослаганда қарийб икки баробарга кўпдир, деб хабар бермоқда ТАСС агентлиги.
Ўтган куни Францияда коронавирус инфекциясини юқтириш билан боғлиқ жами 147 минг 248 та ҳолат аниқланган. Бир ҳафта аввал сешанбада ушбу кўрсаткич 77,9 минг кишини ташкил қилганди.
Беморларнинг барчасида омикрон-штамм аниқлангани айтилмоқда. Ушбу штамм бутун мамлакатга тарқалган ва барча ёшдагиларда аниқланмоқда.
Франция ҳукумати аҳолини санитария чораларини кўришга чақирмоқда. Хусусан, ниқоб тақишни ва коронавирус аломати сезилса, дарҳол тест топширишни тавсия қилмоқда.
Франция соғлиқни сақлаш вазири Брижит Бургиньон жамоат жойларда, айниқса, транспортларда ниқоб тақиб юриш кераклигини таъкидлаган.
Эпидемиологлар инфекциянинг тарқалишига жамоат транспортларида ниқоб тақмаслик сабаб бўлмоқда, деган фикрни кўпроқ таъкидлашмоқда.