Вақтни қадрлаш пушаймонликдан қутқаради
Ойша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Инсонлар бошига тушадиган мусибат кўпдир, уларнинг энг каттаси вақтнинг беҳуда ўтганидир”. Яъни, одамлар қиёматда кўпроқ дунёда вақтини беҳуда ўтказганидан пушаймон бўлар экан. Унутмайлик, вақт исрофи банданинг бошига чексиз надоматлар келтиради.
Шу нуқтаи назардан қараганда, ота-оналарнинг асосий вазифаларидан бири фарзандларини ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланишга ўргатишдир. Зеро, бугун ёшлар орасида бекорчилик сабаб турли оқимларга қўшилиб қолиш ёки ножўя ишларга қўл уриш ҳолатлари кузатилмоқда.
Агар ёшликдан ўсмир ёки ўспириннинг вақти тўғри тақсимланмай беэътибор қолдирилса ва китобга, билимга меҳри шакллантирилмаса, билими саёз, тушунчалари тор бўлса, у соғлом ғояни зарарлисидан, дунёвийликни даҳрийликдан, зиёни жаҳолатдан фарқлай олмайди.
Хўш, умуман вақтни тақсимлашда нимага эътибор қаратиш зарур. Айтиш жоиз, кундалик ишларни режалаштиришда муҳимидан номуҳимини фарқлай билмоқ керак. Муҳимига асосий вақт ажратилиб, беҳуда юмушларга ўралашиб қолинмаса, ўша кун баракотли ўтган бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан шундай ҳадис келади: “Оқил киши бир кунини тўртга тақсимлаши лозим: бир қисмида Раббига мурожаат қилади, бир қисмида ўзини ҳисоб-китоб қилади, бир қисмида Аллоҳнинг санъати борасида фикр юритади, бир қисмида еб-ичиш каби (нафсоний) ҳожатларини бажаради”.
Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчисида – умрини нима билан ўтказгани; иккинчисида – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчисида – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчисида – илмига қандай амал қилганидан сўралади”.
Улуғ тобеинлардан Ҳасан Басрийнинг қуйидаги сўзлари ибратли: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар… Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди”.
Донишманддан сўрашибди:
– Тирикликнинг қай бир соатлари зое кетган ҳисобланади?
Донишманд жавоб қилибди:
– Бировга яхшилик қилиш имкони бўлиб, бу дариғ тутилган дақиқалар.
Қаранг, бирон-бир имконият туғилиши билан яхшилик қилиш пайида бўлишимиз керак экан. Вақтимизни йўқотишимиз билан ўзимизга ёмонлик қилган бўларканмиз.
Яна шундай ҳикмат бор: “Умрнинг ҳамма соатларини фойдали ва соғлиққа мувофиқ машғулот билан тўлдирингки, ғам-алам бош суқадиган жой топмасин”.
Ғайратли, иродали, идрокли мусулмон учун вақт бир кема бўлиб, уни умид соҳилига етказади. Бекорчи, иродасиз, ишёқмас, айниқса, фикрлашда дангаса киши эса борган сари жаҳолатга ботади, гуноҳи кўпаяди.
Ўтган вақт ортга қайтмайди. Ўтганининг ўрнини келаётгани босмайди. Бой берилган вақт ўрнини тўлдириб бўлмас. Ҳақиқий сармоя деб пулни эмас, вақтни тушунганлар ютади.
Таассуф, ҳар куни овруполикларнинг вақтдан унумли фойдаланиши умумий ҳисобда етти-саккиз соатни ташкил қилган ҳолда, бизники бундан камроқ ҳисобланади. Чунки кўпчилигимиз вақт олдидаги масъулиятимизни англамаймиз. Англасак ҳам, унга риоя қилмаймиз. Ҳадисда айтилади: “Вақт бир қилич. Агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”. Шунинг учун бизга берилган умрни керакли ва фойдали ишларга сарфласак, фарзандларимизни ҳам шунга одатлантирсак, албатта, келгусида наф келтирмайдиган афсуслардан узоқда бўламиз.
Сариосиё туманидаги «Хожа Алоуддин Аттор»
жоме масжиди имом-хатиби
Фазлиддин КАРОМАТУЛЛОҲ тайёрлади