Қишлоқнинг “чинор”лари
1966 йилнинг 18 июни. Эрталабдан дарёнинг авзойи бузилди. Сув оқимининг шиддати кучая бошлади. Сел келганда кузатиладиган бўтана тўғон ҳавзасидаги сувнинг тусини ўзгартирди. Аввалига узоқдан эштилаётган ваҳимали шовқин кучайиб, бирданига баланд деворсифат тўлқин ўзи билан шох-шабба борми, дарахт борми – йўлида учраган нарсани тўғон сари суриб келди. Унинг шиддатига бетон тўғон ҳам дош беролмади. Эски девор каби қулаб, оқимда думалай кетди.
– Қочинглар! Қоч! Сел келяпти! – деган ваҳимали бақириқ-чақириқлар эшитилар, одамлар саросимада қолган, биров бола-чақасини кўтарган, кимдир молини олдига солган – ҳамма юқорироқ жойга қочишга уринар эди…
Тўлқинлар чангалида бир боғ ҳашак каби тебраниб кетаётган, қаердандир илдиз-пилдизи билан юлқиб олинган улкан ёнғоқ дарахти тўнтарилган тўғон оша ўтиб, Исфайрамсойнинг Қувасойга йўналган канали даҳанасига бориб тиқилди. Ортидан оқиб келаётган хас-хашак, кўрпа-тўшак, оқим домига тушган нимаики бўлса ёнғоқ шохларига бориб тўпланди ва бузилмас тўсиқ ҳосил қилди. Шиддатли оқим бирданига йўлини ўзгартирди ва Бешалиш сойи, яъни асосий “ташлама” йўналиши томонга бурилиб кетди…
* * *
Қуйи Исфайрамсойнинг ўнг қирғоғи, Қувасой-Бешбола-Фарғона йўлининг Фарғона-Қува йўли кўпригига туташган жойидаги сўлим Қўчқорчи қишлоғида ўша йилларда етмишдан зиёд оила истиқомат қиларди. Қишлоқ Қувасой адирларининг этагида, шундоққина сой ўзанида жойлашган бўлиб, қишлоқ одамлари сабзавот ва боғдорчилик билан шуғулланар, ўзбек ва тожик миллатига мансуб кишилар иноқ-аҳил яшаб келишар эди. Қишлоқда мулла Муҳаммад, мулла Адҳам, мулла Барзий домла каби аҳли илм инсонлар яшарди. Улар қишлоқнинг чинорлари эди…
* * *
Оқим йўналиши ўзгаргач, тўғри мана шу Қўчқорчи қишлоғига бостириб келди. Шу куни қишлоқдаги энг катта сулола бўлмиш Йўлбарсхон эшон хонадонига Фарғона давлат педагогика институтида ўқийдиган қизи Кимёхоннинг саккиз нафар дугонаси меҳмонга келишган эди. Дастурхон атрофида ўтирган меҳмон қизлар ўн бир нафар оила аъзосига қўшилиб шаҳид бўлишди. Яна бошқа хонадонларда йўқотишлар бўлди. Бу воқеа бутун водийни қайғуга солди.
* * *
Сел келганини эшитиши билан мулла Барзий бобо бола-чақасини тезлик билан тепаликка чоптирди. Жилғадан қирга кўтарилиб улгурган эдилар ҳамки, қишлоқ ўртасидаги катта дўконини пўртана бир зарб билан йиқитиб, оқизиб кетди. Бир пасда қишлоқдаги ўндан ортиқ хонадон қаторида Барзий бобонинг уйи ва бўғоз сигирини ҳам даҳшатли сел оқизиб кетди. Бола-бақраси уй, дўкон ва сигир ҳақида гапиришар, Барзий бобо эса қиблага юзланганча бошини саждага қўйиб, истиғфор ва шукроналар айтиб, унсиз йиғлаб ётар эди. Унинг ҳолатини пайқаб қолган набираси аста ёнига келди ва бобосининг кўзларидаги ёшни кўриб, қўшилиб йиғлаб юборди:
– Бобожон, йиғламанг, ўзим сизга уй қуриб бераман!..
Бобо шундагина бироз хатога йўл қўйганини англади ва дарҳол ўзини тутиб олди.
– Йиғламадим, болажоним, кўзимга ёш кириб қолибди. Ўзимнинг меҳрибонимдан айланай.
Сўнг оила аъзоларини ўзига қаратиб бундай деди:
– Ҳаммангиз Аллоҳга шукрона айтинглар ва кетган мол-дунёмизни эсдан чиқаринглар. Қишлоққа қайтиб тушгач, ҳеч кимникидан ҳеч нарсани “бизники эди”, деб олманглар…
* * *
Бу ишлардан анча вақт ўтиб, одамлар яна бошпаналарини тиклаб олишди. Бир куни Турват қишлоғи томондан кимдир ўшанда сувдан бир бўғоз сигирни қутқариб олгани, ҳозир сигир бузоқли бўлгани ҳақида эълон бериб, эгасини қидираётганининг хабари тарқалди. Ўн икки фарзандни тарбиялаб вояга етказган Барзий бобо болаларини тағин йиғди ва:
– Ўша гапим гап. Аллоҳга шукр, бутун оила аъзоларимиз билан балодан омон қолдик. Бу балки ўша бўғоз сигир туфайлидир… Мен мингдан минг розиман. Сигиримиз бузоғи билан уни қутқариб олган, шу кунгача боқиб, яна эгасини ахтариб юрган ҳалол инсонга бўлсин, – деб бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмасликларини тайинлади.
Бу воқеаларга ҳам ярим аср бўлиб қолди. Ҳозир қишлоқда ундай чинорлар топилармикан, билмадим. Аммо ундай илдизи мустаҳкам чинорлар бўлса, уларни на сел оқизади, на тўфон ағдара олади…
Фазлиддин АБДУНАЗАРОВ,
Қува тумани