Эстония мусулмонлари
Ушбу мамлакатга Исломнинг кириб келганига унчалик кўп бўлгани йўқ. Октябр инқилоби, жаҳон уруши, Собиқ шўролар давлати истилоси… 1950 йилларда Татаристон АССР ва Собиқ Иттифоқнинг бошқа ҳудудларидан Эстонияга ишлаш учун аҳоли мажбурий равишда кўчирилган. Ана шу тариқа, бу юртга Ислом динини мусулмонлар олиб келган.
Бугун Эстонияда ўн мингдан ортиқ мусулмон бор. Уларнинг икки мингга яқини татарлар, ундан бироз кўпроғи озарбойжонлар, қолганлари бошқа миллатлар вакилларидир. Уларнинг барчасини Ислом бирлаштириб турибди. Ҳозирги вақтда дастлаб ушбу динга эътиқод қилмаган инсонлар Исломга кириб, мусулмонлар сафини кенгайтирмоқдалар.
Ислом – пок ва ҳақ дин. Шунинг учун ҳам умматимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Шунингдек, Исломни эстонлар ва ушбу мамлакатда истиқомат қиладиган руслар ҳам қабул қилмоқда. Илгарилари Исломга бир ойда икки ёки уч киши кирган бўлса, кейинги вақтларга келиб бу жараён жадаллашиб кетди ва бутун бошлари оилалар – эр, хотин, болалар мусулмон бўлмоқдалар.
Мусулмон жамоасининг араб тилини бепул ўргатиш курслари одатда шанба кунлари янгиларни таклиф қилади ва уларни араб тили асослари ва Исломнинг беш аркони билан таништирадилар. Шунингдек, эстонлар очиқ эшиклар кунларига таклиф қилинади ва Ислом тарихи ва маданиятига доир кўргазмалар билан таништирилади ҳамда ёшларга турли ўқув муассасаларида Ислом дини ҳақида маърузалар қилинади. Жуда ҳам кўп эстонлар аёлнинг Исломда ўрни масаласи билан қизиқиб, ушбу мавзудаги саволларни сўраб келишади. Кейин эса одатдагидек, араб тилини ўрганиш курсларига қатнай бошлайди ва уларнинг кўплари мусулмонлар сафидан ўрин оладилар. Яқинда курсга қатнаган ўн битта эстон ёшлари ва рус қизи Калимаи шаҳодатни айтиб Исломга кирдилар. Биз барчамиз мусулмонмиз, бизда гуруҳларга бўлиниш йўқ, аммо танлаш ҳуқуқи бор, биз ҳамма учун мутлақо очиқмиз. Эстонлар – мусулмонлар учун талабалар шаҳарчаси Тартуда Ислом маркази иш бошлаганига ҳам кўп йиллар бўлди.
Ҳалол таомлар
Илгарилари ушбу мамлакатда ҳалол маҳсулотларни топиш қийин эди, ҳатта амалда уларни дўконлардан топа олмасдингиз. Фақат мусулмон қассобларни излаб тополсангиз, улар сотаётган гўштдан олишингиз мумкин эди ёки ўзингиз қўй, мол боқиб олсангиз бўларди. Бугунги кунда эса ҳайвонларни фақат Эстониянинг амалдаги қонунларига биноан рухсат берилган жойларда суйиш мумкин. Ҳозир, яратганга шукрки, ҳалол гўштни озарбойжонлар бозоридан ва Ислом марказига оид дўконлардан бемалол харид қилиш мумкин. Супермаркетларда ҳам товуқ гўшти ҳалол ёрлиғи билан сотилмоқда.
Рўмол ҳақида
Кўча-кўйда рўмол ўраган аёл-қизларни учратган эстон эркаклари бунда ҳеч қандай ғайритабиийлик кўрмайди ва уларга эҳтиром билан муносабатда бўлади. Давлатнинг эса эркак-аёлнинг кийими билан иши йўқ.
Эстония – бугун диний бағрикенглик тамойилларига амал қилган ҳолда барқарор ривожланиш йўлидан бораётган мўътадил ўлка. Бу ерда бошқа дин вакиллари ҳам, мусулмонлар ҳам ўзларининг марказларига, ибодатхоналарга эга бўлиб, диний расм-русумларини эркин бажариб келмоқда. Ана шу бағрикенглик шарофати билан Ислом дини ушбу сўлим ўлка бўйлаб кенг ёйилиб бормоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.