Аллоҳ таолонинг совғаси
Юнус бутун ўқув йили давомида янги телефон олиш учун маблағ тўплади. Ҳар сафар отаси тушликка берган пулларни у, қорни очса-да, нарса олиб емасдан уйга қайтариб келарди-да, жамғарма идишчасига ташлаб қўярди.
Ана энди телефон олсам бўлади, деган қарорга келганидан сўнг бир синфдоши билан куннинг иккинчи ярмида телефон харид қилиш учун дўконга бирга боришга келишиб олди. Мактабдан уйига келиб кийимларини алиштириб чиқди. Қараса, кўчада бошқа бир синфдош ўртоғи ва қўшниси Саид мунғайиб турибди. Ундан ғамгинлигининг сабабини сўради.
– Синглим касал бўпқолди. Ойим мени дори олиб келишим учун дорихонага юбордилар. Аммо пулим етмади. Ойимга қандай айтишни билмай турибман, жуда сиқилади, чунки уйда бошқа маблағимиз йўқ. Мен ҳам сиқиляпман, – деди Саид.
Юнуснинг кўз олдида дорининг тезроқ келишини кутиб ётган Марям гавдаланди. У ҳатто уйидан телефон олиш учун чиққанини ҳам унутган эди. Дафъатан чўнтагидаги жамғармаси ёдига тушиб қолди.
– Менга дорилар рўйхатини бер-чи, – деди Саидга.
Саид дарҳол қоғозни узатди. Юнус қоғозни олиб дорихонага югуриб кетди. Рўйхатдаги дориларни олди, дорихонадан чиқиб дўконга кирди ва сархил мевалар харид қилди. Кейин уни кутиб турган Саиднинг олдига хурсанд бўлиб қайтиб келди.
– Юр, уйларингга борайлик, мен Марямнинг дориларини олдим, – деди завқи ичига сиғмай бораётган Юнус.
– Сен телефон олиш учун йиққанингни сарфладингми? Нега бундай қилдинг, ахир, қанча вақтдан бери орзу қилардинг-ку телефонинг бўлишини! – деб хижолат бўлди Саид.
– Телефонни кейинроқ олсак ҳам бўлади, Марямнинг соғайиб кетиши муҳим, – жавоб берди Юнус. Сўнг болалар Саидларнинг уйига кетишди.
Қилган ишидан ниҳоятда мамнун бўлиб уйига қайтган Юнус уни ажойиб совға кутаётганини билмас эди. У мактабда “аъло” баҳоларга ўқигани учун ота-онаси унга янги телефон харид қилишган эди. Бола жуда ҳайратга тушди ва кўзлари ёшга тўлиб:
– Алҳамдуллиллаҳ! Алҳамдулиллаҳ! Бу Аллоҳ таолонинг совғаси, – деди ва бўлиб ўтган воқеани ота-онасига гапириб берди.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА
Ислом нури газетасидан