Отанг қариса – қул олма…
Одатдагидек, ишга шошганча кетаётгандим. Нотаниш отахон ҳам аравасини етаклаганча шошиб борарди. Салом бердим-да, йўлимда давом этавердим. Озгина юрмасимдан рўпарамдан яна бир отахон чиқди. Улар бир-бирини таниркан. Аравасини етаклаб келаётган отахон дўстини кўрибоқ: “Отанг қариса – қул олма, онанг қариса – чўри олма”, деди баралла.
Табиийки, отахоннинг бу гапи диққатимни тортди. Сабаби, ушбу иборани умуман эшитмаган эдим. Бу сўзларини ёдимда сақлаш, тадаббур қилиш учун бир неча бор такрорладим. Маъносини англаган сари дилим хуфтон бўла бошлади…
Меҳмон – атои Худо дейдилар. Бу сафар ҳам хонадонимизга келганлар, ўзга меҳмонлар каби илиқ сўрашувдан сўнг дуога қўл очишди. “Яна бироз ўтирсангиз бўларди”, дейишимизга қарамай, уйларига шошишди. Уларнинг бири билан хайрлашар эканман: “Уйимизга тез-тез келиб туринг, ойижоним зерикадилар. Ётгани келинг, бирга суҳбатлашиб ўтирасизлар”, дедим. Сўзимни тугатмасимдан бурун онахон: “Қаёқда, ўзимдан ортмайман. Уй қўриқчисиман. Келинлар ишлайди. Неваралар мактабда. Уларнинг ош-овқатига қарайман”, дея анча нарсаларни сўзлай кетди…
Меҳмонларни кузатганимдан кейин дастурхонни йиғиштирдим, идишларни ювдим. Раҳматли онам, умуман, ота-оналар ҳақида ўйлай бошладим. Фарзанд дунёга келтиргандан кейин ҳам балоғатга етгунига қадар тиним билишмайди. Сув келса, симиришади, тош келса, кемиришади. Қишнинг қаҳратони, ёзнинг жазирамаси, кўчами, панами рўзғор ташвишида бўлишади.
“Ҳали меҳнатларим роҳат келтиради. Фарзандларимизни уйли-жойли қилсак, эр-хотин уларнинг роҳатини кўрамиз”, деб неча бор орзу қилишган экан-а?!
Фарзандлар уйли-жойли бўлишгандан кейин эса ҳаёт уларга янада янгидан-янги синовларни тайёрлайди. Галда уларнинг 5 фарзанди, келин-куёвлар билан 10 нафар, невараларни қўшганда анчагина кўпаяди. Ё қиз узатиб тинчишмайди ёки келин тушириб барака топишмайди.
Фарзандларига рўзғор тебратишга кучдан қолгунча кўмаклашишади. “Қариганимизда ортиқчалик қилиб қолмайлик”, деган ҳадикда яшовчи ота-оналар бор. Фарзандларининг ташвиши етмагандай, ўзаро жанжалларига ҳам қозилик қилишади. Норози томоннинг аччиқ дашномларига бардош берадилар.
Раҳматли онамни эслайман. Бир гапи ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ўшанда анча кичик эдим. Онам бир аёл билан суҳбат асносида турмушнинг баланд-пастликлари ҳақида суҳбалашаркан, бундай деди: «Бешинчи фарзандим дунёга келганидан кейин болаларим тарбияси, тақдири ҳақида қайғура бошладим. Шундай кунларнинг бирида ота-онамнинг уйига бордим ва: “Ойижон, болаларим 5 нафар бўлди, энди қандоқ қиламан?” дедим. Нима демоқчи эканимни тушундилар шекилли, ойим: “Ўқит, шунда ҳаммаси ўз йўлини топиб олади”, деганларини эслатди».
Ёдимда. Мактабни тамомлаш кезларимда олий ўқув юртига кириш учун тайёргарликни бошлаб юбордим. Тайёрлов курсига қатнай бошладим. Оилада кўп жонмиз. Онам ҳам отам билан тенгма-тенг меҳнат қилади. Ўшанда ўқиш тўлови учун етарли пул бўлмасди. Онам бутерброд тайёрлаб, бозорда сота бошлади. Тушган маблағни ўқишимга сарфлади.
Онам раҳматли қилган меҳнатлари роҳатини тўлиқ кўра олди, деёлмайман. Фарзандларини катта қилишда тортган машаққати 60 ёшга етганида ўз таъсирини кўрсатди. Умрининг сўнгги кунига қадар бетоблик сабаб тўшакка михланди.
Балки: “Онангиз кўрган машаққат ота-онамиз кўрган-кечирганлари олдида ҳеч нарса эмас”, дейишингиз мумкин. Агар ҳар биримиз ўтмишига қараса, ортида онамдан-да забардаст ота-онани кўради. Аксарияти ўз ҳаётларини дилбандларининг келажаги учун қурбон қилишган. Ҳақиқий маънода роҳат кўрганлари бармоқ билан санарли. Кўпчилиги фарзандларининг роҳати учун ҳали-ҳануз хизматда. Айримлари илгари фарзандларини, эндиликда эса уларга қўшиб невараларини ҳам боқишмоқда.
Кўпинча: “Суянган тоғим – отам. Бебаҳо маслаҳатгўйим – онам”, деб рўзғор ташвишимиз етмагандай, дарду ҳасратимизни ҳам тўкиб-сочамиз. Арзимас гапларни етказиб, дилларини хуфтон қиламиз.
Тўғри-да, ота-онадан бошқа яна ким фарзанди учун қайғуради. Қаддиларини меҳнат билан букдик, “нега энди дилларини хуфтон қилмаслигимиз керак?”; “Кексайганларида ҳам яйраб яшашларига ҳам қўйиб бермай, охират диёрига кузатмагунимизча, бор-будларини шилиб олмаслигимиз керак”. Шундай эмасми?!
Аҳмад ибн Ҳанбал розийаллоҳу анҳунинг ҳаётига назар солган киши жуда кўп ибратли воқеаларга дуч келади. Олим ниҳоятда баракали умр кечирган. Тўғри, илм йўлида анча машаққат чеккан, золимларнинг зулмига учраган. Лекин умри шу қадар баракали кечганки, ҳатто вафотидан кейин ҳам баракаси тўхтамади. Асрлар оша қолдирган бой мероси биз уммат учун ҳақиқий кўрсатмалардан бирига айланди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳаёт йўлини ўрганишда, асосан, бир нарса эътиборимни кўпроқ жалб этди. Олим ёлғиз онасига жуда меҳрибон бўлган. Ҳатто хизматидан чалғимаслик учун оила қуришдан воз кечган. Волидасининг ўлимидан кейин, ўттиз ёшдан ошиб оила қурган.
Ойша онамиз ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мен ухладим, тушимда ўзимни жаннатда кўрдим ва бир қорининг қироат қилаётган овозини эшитдим. Мен: “Бу ким?” деб сўрадим. Улар: “Бу Ҳориса ибн Нўъмон”, дейишди. Яхшилик ана шундай бўлади, яхшилик қилиш ана шундай бўлади, у онасига кўп яхшилик қиладиган инсон эди”, деганлар.
Ривоятларда зикр қилинишича, Ҳориса ибн Нўъмон онасига ўз қўли билан таом едирар, бирор гапини англамай қолса: “Нима дедингиз?” деб сўрамас, ташқарига чиқиб, бошқалардан: “Онам нима дедилар?” деб сўрар экан. Ҳатто “Нима дедингиз?” деб онасини қийнашдан ҳам сақланган.
Албатта, Аҳмад ибн Ҳанбал ёки Ҳориса ибн Нўъмон каби бўлиш кўпчиликка қийин туюлиши мумкин. Лекин одам қилганни нега одам қилолмас экан? Сабр, ихлос, муҳаббат ва эҳтиром бизда топилади. Фақат худбинлигимиз бизни ота-онага яхшилик қилишдан тўсмоқда, холос. Яхшилик қилиш мумкин. Фақат буни исташ керак.
Юлдуз Комилова
“Ислом нури” газетасидан